Бунинг қўрқинчли оқибати шундаки, биринчи инстанция судининг қарори қабул қилинганидан сўнг, ушбу қарор устидан белгиланган муддат ичида апелляция шикояти берилмаса, ушбу суд қарори устидан кейинчалик умуман шикоят бериб бўлмайди.

«Ислоҳот» моҳиятини яхшилаб тушуниб олиш учун сўзимизни дастлаб суд қарори устидан шикоят қилишнинг амалдаги тартиби қандай экани билан бошласак.

Фуқаролик процессуал кодекснинг 403-моддасига кўра, суднинг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан, у қонуний кучга кирган кундан эътиборан 6 ой ичида кассация тартибида шикоят қилиниши ва прокурор протест келтириши мумкин.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекснинг 498-моддасида, Иқтисодий процессуал кодекснинг 282-моддасида, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 224-моддасида ҳам шахсларнинг кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган бўлиб, уларнинг барчасида кассация тартибидаги шикоят апелляция тартибида кўрилмаган суд қарорлари устидан келтирилиши мумкинлиги белгиланган.

Масалан, суддаги бир тараф ўзи қатнашган иш бўйича чиққан суд қароридан қарор қонуний кучга кирганидан кейин қайсидир ҳолатга кўра норози бўлиб қолди. Ушбу ҳолатда шахс апелляция шикояти бериш муддатини ўтказиб юборган бўлади, аммо унда юқорида айтилган процессуал кодексларда белгиланган ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи мавжуд бўлади.

Аммо фуқароларнинг бу ҳуқуқи ўтмишга айланиш арафасида турибди. Башарти Қонунчилик палатаси депутатлари қабул қилган қонунлар Сенатда ҳам шундайлигича маъқулланса ва уларни президент имзоласа.

18 декабр куни бўлиб ўтиши кутилаётган Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган бир қатор қонунлар кўриб чиқилиши режалаштирилган