Ўзбекистон | 14:03 / 18.12.2020
13906
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат автомобил фараларига оид қарорни бекор қилиши мумкин — депутат

Ҳукумат ўтган йили қабул қилинган ҳамда кескин эътирозларга сабаб бўлган автомобил фараларига оид қарорни бекор қилиши мумкин. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, бир неча кун аввал бир гуруҳ депутатлар автомобил чироқларини кундуз куни ёқиб юришни мажбурий этувчи Вазирлар Маҳкамаси қарорига ўзгартириш киритиш бўйича ўз таклифини бош вазир Абдулла Ариповга юборган.

“Юборган мурожаат ва таклифларимиз ҳукумат томонидан беэътибор қолдирилмади. Мендаги маълумотларга кўра, бош вазиримиз топшириқларига асосан 2019 йил 4 июнда қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 460-сонли қарор бекор қилиниши кутилмоқда. Шу билан жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган “фаралар” масаласига нуқта қўйилади, деб умид қиламиз.

Ҳукумат томонидан жамоатчилик фикри, депутатлар мурожаатига бефарқ бўлмай, қабул қилинаётган қарор ва ҳужжатларда халқ манфаатлари инобатга олинаётганини доим олқишлаймиз. Зеро, бу биз қуришни истаётган Янги Ўзбекистон, яъни қонун устуворлигига асосланган, демократик давлатнинг асосий шартидир”, — деб ёзади депутат.

Аввалроқ, 2021 йилдан бошлаб сутканинг ҳар қандай вақтида яқинни ёритувчи чироқлар ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланмаган ҳайдовчилар жаримага тортилиши маълум қилинганди.

ИИВ ЙҲХББ хабарига кўра, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 138-бандида “Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт”лиги белгиланган.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июндаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 460-сон қарори 2-бандида 2021 йил 1 январга қадар куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги бўйича талаб автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланмаган автомототранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмаслиги кўрсатилган.

Мавзуга оид