Иқтисодиёт | 12:49 / 18.12.2020
10496
2 дақиқада ўқилади

Табиий газ экспорт қилинмаслиги бюджетга тушум 1 триллион сўмга камайишига олиб келади — Ишметов

Давлат бюджети даромадлари прогнозларини бажарилиши ҳамда харажатлари ижросидаги рисклар маълум қилинди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Молия вазири Тимур Ишметов 2021 йилда Давлат бюджети даромадлари прогнозлари бажарилишида ҳамда харажатлар ижросидаги мавжуд рисклар ҳақида гапирди.

«2021 йилда Давлат бюджети даромадлари прогнозлари бажарилишида ҳамда харажатлар ижросида қуйидаги рисклар мавжуд.

Ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатининг 1 фоиз бандга пасайиши бюджет тушумлари 433 миллиард сўмга камайишига олиб келади. Асосий экспорт маҳсулотларидан бири ҳисобланган табиий газ (йилига 10 миллиард куб метр) экспорт қилинмаса – бюджетга тушум 1 триллион сўмга камаяди, олтиннинг 1 унцияси нархи 100 АҚШ долларига камайиши (дивидендсиз) эса бюджетга тушумни 1,8 триллион сўмга пасайтиради.

Давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарда ташқи қарз ҳисобидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари самарали ишлатилмаслиги келгусида Давлат бюджети харажатлари ошишига олиб келиши мумкин.

2020 йилнинг 9 ойида табиий газ ишлаб чиқариш ва истеъмолчига етказиш бўйича фаолият кўрсатаётган корхоналар томонидан Давлат бюджетига 7 триллион 570 миллиард сўм тўланган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 триллион 321 миллиард сўмга ёки номинал 15 фоизга камайган. Реал миқдорда эса 27 фоизга камайган (2019 йил 9 ой – 8 891 миллиард сўм)», деди Тимур Ишметов Сенат ялпи мажлисида.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид