Ўзбекистон | 15:04 / 27.12.2020
5192
3 дақиқада ўқилади

Инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш муаммолари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, “Ўзстандарт” агентлиги ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси мутасадди раҳбарлари, соҳа мутахассислари иштирокида “Инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва ечимлари” мавзусидаги Республика онлайн илмий анжумани ташкил этилди.

Анжуманда илмий ютуқлар ва инновацион жараёнларнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича фикрлар, илмий ва амалий тажриба алмашилди. Тадбирнинг асосий мақсади илмий жамоатчиликка ва салоҳиятли инвесторларга қурилиш материаллари соҳасидаги замонавий ютуқларини тақдим этиш, шунингдек муаммоларга ойдинлик киритиш ҳамда замонавий тенденциялар ва илм-фан, муҳандислик ва технологиянинг устувор йўналишларида олиб борилган тадқиқотлар натижалари билан бўлишишдир.

Шу боис қурилиш индустрияси бўйича долзарб мавзуларда тақдимотлар ўтказилди. Жумладан, “Маҳаллий хом ашёлар асосида янги турдаги инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш имкониятлари ва салоҳияти”, “Қурилиш материаллари саноатига инновацияларни жорий этишдаги муаммолар ва ечимлар”; “Қурилиш материаллари соҳасини инновацион ривожлантириш ҳамда қурилиш ва лойиҳалаштиришнинг замонавий технологияларини жорий этиш”, “Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш муаммолари” ва “Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш имкониятини берувчи замонавий энергия тежамкор технологияларни ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этиш” йўналишларида илм-фан ютуқларини жорий қилиш бўйича маърузалар қилинди, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Анжуманда Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Азимжон Назаров, Қурилиш вазири ўринбосари Эркин Искандаров, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, техника фанлари доктори Азизбек Баҳодиров, Тошкент архитектура-қурилиш институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, и.ф.д., профессор Равшан Нуримбетовнинг маърузалари тингланди.

Онлайн тарзда ўтказилган тадбирда шунингдек, 15 га яқин вазирлик, идоралар ва давлат қўмиталари, 20 дан ортиқ олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтларининг 150 нафарга яқин илмий-изланувчилар, фан номзодлар, фан докторлари, илмий тадқиқотчилар, магистрлар ҳамда корхона ва ташкилот вакиллари томонидан 70 га яқин илмий мақола ва тезислар билан иштирок этдилар.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Матбуот хизмат

Мавзуга оид