Ўзбекистон | 12:29 / 02.01.2021
18975
3 дақиқада ўқилади

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тартиби тасдиқланди

Фото: KUN.UZ

Ҳукумат қарори билан Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.
 
Низомга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахслар қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

ўзларига нисбатан пора талаб қилган шахс ёки ўзларига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органлар (Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти)га берган хабари асосида бундай ҳуқуқбузарлик фош этилса;

коррупцияга оид жиноятни содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахс тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилган хабар асосида қидирувдаги шахс ушланиши (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно).

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 25 бараваригача (669 минг сўмдан 5 млн 575 минг сўмгача) миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши мумкин.

Агар пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлса, мукофот қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:

анча миқдор учун – мулк қийматининг 15 фоизи миқдорида;

кўп ва жуда кўп миқдор учун – мулк қийматининг 10 фоизи миқдорида.

Шахс коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин. 

Шахсларни рағбатлантириш масалалари коррупцияга қарши курашувчи органлар ҳузурида тузиладиган махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.

Махсус комиссия қарори асосида бир марталик пул мукофоти ёки эсдалик совғаси билан тақдирлаш ҳақида қарор 1 иш кунида чиқарилади.

Пул мукофоти харажатлар сметасига ўзгартириш киритилгандан сўнг 15 иш куни ичида шахсларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилади.

Мавзуга оид