Kun.uz мухбири «Оптимист» рукнида ёш веб-дизайнер Жамшид Холиқулов билан суҳбатлашди. Суҳбат мутахассиснинг UI/UX дизайнга қандай кириб келгани, соҳадаги даромад ва Ўзбекистонни рақамлаштириш каби мавзуларда кечди.

«Ҳам журналист, ҳам график дизайнер бўлиб ишлардим»

— User Interface (UI) ва User Experience (UX) йўналишида 5–6 йилдан бери фаолият олиб бораман. Соддароқ айтганда, дастурий маҳсулотлар (мобил иловалар ва веб-саҳифалар) дизайнини чизаман.

Барчаси қизиқишим, ҳобби сифатида бошланган. Ҳозир профессионал даражага чиқиш арафасидаман. Асли мутахассислигим эса журналист. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетини тугатганман.

Талабалик пайтимда журналистикада бироз муддат ишладим. Шу билан бирга, график дизайн соҳасини ҳам ўрганганман. Чунки айнан мен ўқиган вақтда – 2012–2013 йилларда бутун дунё медиа соҳасида маълумотларни инфографика шаклида бериш оммалаша бошлаганди. Журналист аудиторияга етказмоқчи бўлган маълумотни шунақа тарзда бериши учун график дизайнни тушуниши керак. Сифатли контент яратиш учун эса ҳам журналистикани, ҳар график дизайнни бирдай олиб кетишга ҳаракат қилдим.

2015 йилда фаолиятимни тўлиқ график дизайнда давом эттиришга қарор қилдим. Бунга асосий сабаб – журналистикадан кўра, график дизайнда кўпроқ пул топишим. Тушуниб етдимки, журналистикада дизайнерликдан кўра камроқ натижага эришарканман.

«Бир ойлик даромадимни бир кунда топганман»

— Ўқиш пайтида 500 минг сўм стипендия («беш»га ўқиганман­) ва журналист сифатида ярим ставкада ишлаб яна 500 минг, иккисини қўшганда ойига 1 миллион атрофида даромадим бўларди. Дизайнерликда эса бир кунда битта лойиҳам учун шунча пул олгандим: логистика ва тиббиёт йўналишидаги компанияга идентика (логотип ва бошқа график унсурлар стили) қилиб берганман, бир кунда чизиб берганман, уларга ёққан ва тўловни амалга оширишган.

Кейинчалик, 2015–2016 йилларда MyTaxi компаниясига ишга чақиришди. Айнан веб-дизайн, User Interface йўналиши бўйича. Билсангиз, ҳамма IT-компаниялар доим ўзига кадр қидиради, яхши кадрларни кузатиб боради. Мени MyTaxi раҳбарлари кузатишган экан (мен блог юритардим). Биринчи ҳафтада суҳбатдан ўтолмаганман. Бу менга жуда қаттиқ таъсир қилди ва 3 ой мобайнида веб-дизайн, UI (user interface) нималигини чуқур ўрганиб, шуғулландим.