Баёнот «Сабабни бартараф этмасдан туриб, оқибатларга қарши курашиб бўлмайди» сарлавҳаси остида эълон қилинган. Ундан, агентликнинг асосий функцияси – коррупция ҳолатлари аниқланганда коррупционерларни жазолаш эмас, балки бунга олиб келаётган сабабларни аниқлашдан иборат эканини тушуниш мумкин.

«Сўнгги пайтларда давлат харидлари жараёнларидаги қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар гоҳ у ҳудудда, гоҳ бу ҳудудда содир бўлаётгани бўйича кўплаб хабарлар пайдо бўлмоқда ва улар ҳақли равишда оммавий муҳокамалар мавзусига айланмоқда.

Якунда эса уларнинг аксариятида маълум бир нормалар бузилгани аниқланган бўлса-да, жавобгарлик белгилаш, бюджет маблағларини ортга қайтариш масалалари очиқ қолмоқда. Уларни жазолаш керак мазмунидаги гап-сўзлар авжига чиқаётган паллада қонунбузилишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш масаласи сояда қолиб кетмоқда», – дейилади баёнот аввалида.

Таъкидланишича, бу каби жиноятлар 2020 йилда кўпайгани йўқ: улар олдинги йилларда ҳам бўлган ва бундан-да каттароқ ҳолатларда намоён бўлган. Аммо уларнинг аксарияти аниқланмай қолиб кетаверган. Давлат харидлари бўйича ягона ахборот порталининг ишга туширилиши ва у ерда зарурий маълумотларнинг очиқланиши натижасида барча харид жараёнлари тўғрисида аҳоли хабардор бўлмоқда.

«Бундан хулоса қилиш мумкинки, очиқлик, ошкоралик таъминланса, жазо муқаррар бўлса, ҳар бир фуқарода коррупцияга муросасизлик кайфияти шакллантирилса, жиноятчиларнинг ортидан қувлаб юришга ҳожат қолмайди. Ҳамма нарса жамият кўз ўнгида ва назоратида бўлади.

Ушбу жараёнлар Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг етарли ваколатларга эга эмаслиги, хусусан, тергов ва суриштирув ўтказиш имкониятининг йўқлиги каби яна бир баҳс-мунозараларга ҳам ўзига хос жавоб бўлмоқда. Яъни коррупция ҳолати аниқлангани билан унинг олдини олиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш, бу жараёнга аҳолини фаол жалб этиш масалалари ҳал этилмаса, ҳар қанча курашманг, ҳар қанча ҳуқуқбузарни ушламанг, натижага эришиб бўлмайди. Қачонки, масалага комплекс ёндашилсагина биз ушбу соҳадан ижобий натижа кутишимиз мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи сифатида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.