Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ғайрат Қориев шифокорлар учун айниқса мураккаб ўтган 2020 йил сўнгида «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» унвони билан тақдирланди.

Шифокор Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон тиббиёти, пандемия ва нейрохирургияга доир қатор масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.

– Яқинда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» унвони билан мукофотландингиз. Отангиз Марат Қориев ҳам таниқли нейрохирурглардан бири бўлган. Касб танлашингизда унинг ҳиссаси катта эканини айтгансиз.

– Отам профессор Марат Қориев юртимизда нейрохирургия соҳасининг ривожланишига катта ҳисса қўшган, нейрохирургия мактабининг асосчиси сифатида танилган эди.

Шифокорлар оиласида, ёшлигимдан отамнинг шогирдларига даволаш усуллари бўйича берган маслаҳатларини эшитиб улғайдим, қизиқишим ошарди. Отам кўпинча вилоятларда мураккаб операциялар ўтказгани учун уйда кам бўларди. Баъзан дам олиш ёки таътил кунларида укам иккаламизни ўзи билан тез ёрдам машинасида олиб кетар эди. Бугунги кунда дунёнинг турли нуқталаридаги шогирдлари унинг ишини давом эттиришмоқда. Отамнинг вафотига 12 йил бўлди, лекин ҳамон ҳар бир ишимни унинг ўгитларига таяниб бажараман.

Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг қўлидан мукофотни оларканман, отам ҳақида, унинг ишини муносиб давом эттиришим ва Ўзбекистондаги нейрохирургик хизматни такомиллаштиришим кераклиги ҳақидаги яхши сўзларини эшитиб хурсанд бўлдим.

– Тиббиёт узлуксиз ўрганишни талаб қиладиган соҳа. Нейрохирургияда бугун қандай янги тадқиқотлар олиб борилмоқда?

– Нейрохирургия – бу жадал ривожланаётган соҳа. Технологик тараққиёт ва тиббиёт амалиётига замонавий диагностика ва терапевтик усуллар жорий этилиши нейрохирурглардан доимий равишда ўз устида ишлашни талаб қилади. У мунтазам ўқиши, касалликларни ташхислаш ва даволаш бўйича замонавий ёндашиши керак. Ҳозир вазият тубдан ўзгарган. Бугун дастурлаш асосидаги МРТ текширувлари кўп операцияларни оғриқларсиз амалга ошириш имконини беради.

Ўзбекистондаги тиббиёт ОТМларида нейрохирургия йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Ёш мутахассислар хорижнинг етакчи клиникаларида ўқиш имкониятига эга бўлмоқдалар. Илгари чет элда ўқиш учун моддий ёрдам йўқлиги сабабли ёш мутахассислар сони кам эди. Бироқ, 2017 йилдан бошлаб президент қарорлари туфайли давлат хорижда узоқ муддатли таълимни молиялаштириш учун пул тўлай бошлади. Бу жуда муҳим қадам.