Ўзбекистон | 16:20 / 08.01.2021
40704
2 дақиқада ўқилади

«Бу – шармандалик, бу – уят» — Департамент раҳбари ўзбек тилини билмайдиган ёки ўзбекча гапирмайдиган раҳбарлар ҳақида

Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев давлат тилини билмайдиган ва унда гапирмайдиган раҳбарлар ҳақида фикр билдирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Бу – шармандалик, бу – уят. Майли, вазирлик ёки ташкилот раҳбари Америкада ўқиб келгандир, Германия, Англияда ўқиб келгандир. Унинг чет тилларини билиши жуда яхши, лекин Ўзбекистонда раҳбар лавозимида ишлаб, давлат тилини, она тилини билмаслик – бу шармандалик», – деган у 8 январ куни «Davlat tilida ish yuritish» амалий қўлланмасининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги қайта ишланган нашри тақдимотида.

Қирғизбоевга кўра, президент Шавкат Мирзиёев БМТ сессиясида ўзбекча нутқ сўзлаб, ҳаммага намуна бўлиб берган. Ҳозирги раҳбарлар эса мана шу ишдан хулоса қилиши керак.

«Қайси вазирлик ва ташкилотларда раҳбар ёки раҳбар ўринбосари давлат тилида иш юритмас, йиғинларда давлат тилида гапирмас экан, ўша жойдаги давлат тили масалалари бўйича раҳбар ўринбосари ҳам ишламаяпти, унинг ҳам бунда айби бор», – деган у.

Департамент мудири ҳозирда шу масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳаси киритилганини ҳам маълум қилган.

Лойиҳага кўра, ҳар қандай кадр раҳбарликка ишга қўйилишидан аввал, давлат тилини билиш даражаси бўйича имтиҳондан ўтади. Қарор эса 1 апрелдан кучга кириши режалаштириляпти.

Мавзуга оид