Саломатликка урилаётган зарба

Қишда уйларнинг яхши иситилмаслиги одамлар учун коронавирусдан кўра хавфлироқ. Зеро, кўчада совуққа дош берган инсон организми уйга қайтганда исинишни «истайди». Инсон уйда-ю кўчада – муттасил совуққа дош беролмайди, зеро, иммун тизими «чарчайди». Бундай «вирус» келтирадиган зарарнинг статистикаси эса юритилмайди.

Кундан кунга, йилдан йилга такрорланувчи бунақа ҳолат – совуқ уй «феномени» халқнинг умумий саломатлигига путур етказади. Бу эса ҳаёт сифати тушади, кайфият тушади, асаблар таранглашади дегани... Кўп касал бўлиш оқибатида топилган маблағнинг катта қисми дори-дармонга сарфланади.

Кузатувларимизга кўра, қиш келиб, газ ва «свет» йўқлигидан азият чекиб яшайдиган ҳудудларда аҳолининг топган даромади 3 та асосий эҳтиёжларга кетади: озиқ-овқат, ўтин (кўмир) ва дори-дармон.

Қолган эҳтиёжлар четга сурилади, кўклам келгунича «навбат кутади».

Ижтимоий маданиятга урилаётган зарба

Қишнинг совуқ кунларида ҳамма ҳам иссиқ уйда яшагиси, уйқуга ётишидан аввал ва уйғонганидан сўнг иссиқ сувда ювингиси келади.

Яхши шароитда ҳафтада бир ёки бир неча марта чўмилган инсон шароитсизликда ойда бир чўмилса ҳам катта гап...

«Кўйлак, унинг устидан яна кўйлак». Қишда уй ичида кийиладиган уст-бош ҳам, кайфият ҳам хона ҳароратига яраша бўлади. Эркаг-у аёл – ҳамманинг ташқи қиёфаси ҳам шу зайлда чиройини йўқотиб бораверади. Янги кийимга аталган пуллар ўтин ва дорига сарфланади.

Совуқдан тараша бўлмаслик ташвиши киши ташқи кўринишининг абгорлашуви билан уйғунлашиб кетади.

«12 киши бир хонада яшаяпмиз», дейди газ тармоғидан узиб ташланганига 10 йилдан ошган, электр токи суткаси 4 соат ёнадиган қишлоқлардан бирида яшовчи бир отахон. Бунақа ҳолат минглаб оилаларнинг қисматига айланган.

Қишлоқ жойларда қиш келиши билан ёш-у-қари, ўғил-қиз, ва ҳатто келин-куёвлар ҳамма бир хонага жам бўлиши ва шу зайлда қишлаши янгилик бўлмай қолди. Масаланинг бошқа айрим жиҳатларига тўхталиб ўтиришни эп кўрмадик. Зеро, ҳаётнинг бу аччиқ синовларини бошидан кечираётган замондош гап нима ҳақида кетаётганини осон фаҳмлайди.