Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директор ўринбосари вазифасини бажарувчи Баҳодир Каримов ССВ матбуот хизмати билан суҳбатда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига вазирлик тасарруфида бўлган санаторий-курорт хизматидан бепул фойдаланиш учун йўлланмаларнинг берилиш тартиби тўғрисидаги саволларга жавоб берди.
— Ногиронлар ва кексаларни вазирлик тасарруфидаги санаторий-курорт йўлланмалари билан бепул таъминлаш туман ва шаҳар тиббий-ижтимоий хизматлар шуъбалари орқали амалга оширилади. Санаторий йўлланмалари ҳар йили навбат асосида қуйидаги шахсларга берилади:
- уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахслар;
- республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчилар;
- Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган, шунингдек Чернобил ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;
- ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаганлар;
- шунингдек, ёлғиз кексаларга санаторий йўлланмалари берилади.
Икки йилда бир маротаба навбат асосида эса:
- уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчиларга берилади.
Шунингдек, санаторийларда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда, навбат асосида, 3 йилда 1 марта ёшга доир пенсионерларга ҳам йўлланма берилиши мумкин.
— Ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар йўлланмаларни олиши учун қандай ҳужжатлар тақдим этиши зарур?
— Ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар йўлланмаларни олиши учун туман ёки шаҳар тиббий-ижтимоий хизматлар шуъбаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
- раҳбар номига ариза;
- паспорт нусхаси;
- имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;
- тиббий хулоса.
Аризалар махсус рўйхатга олиш китобида қайд этилади. Йўлланмалар ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларга унинг амал қилиш муддати бошланишидан камида 10 кун олдин тиббий хулосага мувофиқ берилади.














