Ўзбекистон | 13:12 / 09.01.2021
28569
3 дақиқада ўқилади

Хусусий банклардан бирининг бошқарув раиси қўлга олинди

Тошкент шаҳрида хусусий тижорат банки бошқаруви раиси, Самарқанд вилояти туманларидан бирининг марказий деҳқон бозори раҳбари, Қарши шаҳридаги жазони ижро этиш муассасаси назоратчиси, Бухоро вилоятидаги туман ҳокимлигининг комиссия масъул котиби ва бошқа мансабдор шахсларнинг коррупцион жиноятлари фош этилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва Давлат хавфсизлик хизматининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида мансабдор шахсларнинг коррупциоген ҳаракатлари тўхтатилди.

Республикада фаолият юритаётган хусусий акциядорлик-тижорат банкларидан бирининг бошқарув раиси Тошкент шаҳрида тадбиркорлардан бирига 4 млрд сўм миқдорида кредит ажратиб бериш учун пора сифатида 15 минг доллар талаб қилади. Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда банк раҳбари сўралган пулдан 103 млн сўмни ўз танишига тегишли масъулияти чекланган жамиятнинг ҳисобрақамига ўтказиш орқали қўлга киритгани аниқланди.

 Самарқанд вилояти туманларидан биридаги марказий деҳқон бозори раҳбари ва унинг укаси маҳаллий фуқарога тикувчилик цехи ва дўкон қуриши учун ер ажратиб беришни ваъда қилиб, эвазига 10 минг доллар талаб қилган. Тезкор тадбирда ака-укалар дастлаб дўкон қурилишига рухсатнома чиқартириб бериш эвазига 5 минг доллар олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

ДХХ Қашқадарё вилоят бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қарши шаҳридаги Жазони ижро этиш муассасасида суд томонидан тайинланган жазо муддатини ўтаётган маҳкумга фойдаланиши учун уяли телефон киритиб бериш ҳамда келгусида бошқа буюмлар ҳам олиб кириб бериш эвазига 5 минг доллар олган вақтида мазкур муассасада хизмат ўтовчи ИИВнинг Қоровул қўшинлари назоратчиси қўлга олинган.

Бухоро вилоятидаги туман ҳокимликларидан биридаги вояга етмаганлар бўйича комиссиянинг масъул котиби шу ерда яшовчи фуқаролардан бирига туман марказида савдо маркази қуриши учун 4 сотих ер майдони ажратилишига ёрдам беришини ваъда қилиб, эвазига 4 минг доллар сўраган ва шундан 2 минг долларни олдиндан тўлов сифатида олган вақтида ДХХ ва департамент ходимлари томонидан ушланган.

Маълум бўлишича, ҳозир аниқланган барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 8 январь куни «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари ёнилғи қуйиш шохобчасини электр тармоғига улаб бериш учун тадбиркордан 15 минг доллар олган вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушлангани ҳақида хабар берган эдик.

Мавзуга оид