11:41 / 12.01.2021
12710

Молдованинг янги президенти илк хорижий сафарига автомобилда йўл олди

Фото: TASS

Молдованинг янги президенти Майя Санду илк расмий сафарини Украинага амалга оширди. Эътиборлиси, Санду тежамкорлик нуқтайи назаридан илк хорижий сафарига самолётда эмас, балки автомобилда йўл олишни маъқул топган.  

Сандунинг матбуот котиби Сорина Штефирцанинг таъкидлашича, Молдова делегацияси Киевга самолётда эмас, балки камроқ харажат талаб этиши сабабли автомобилда жўнаган. Бундан ташқари, Штефирцанинг айтишича, бу пандемия вақтида ҳаракатланишнинг энг мақбул йўли ҳисобланади. 

Украина ва Молдова вакилларининг расмий учрашуви 12 январда бўлиб ўтади. Санду сафари давомида Украина президенти Владимир Зеленский, бош вазир Денис Шмигал ва парламент спикери Дмитрий Разумков билан учрашув ўтказади.

Молдова делегацияси таркибига Сандудан ташқари яна 9 киши, жумладан президентнинг ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси Кристина Герасимов, Молдованинг Украинадаги элчиси Руслан Болбочан, президентнинг энергетика бўйича маслаҳатчиси Сержиу Тофилат ҳам кирган.

Санду Молдовада 2020 йил ноябрда ўтган сайловларда ғалаба қозониб, 24 декабрдан президент лавозимини бажаришга киришганди.

Маълумотларга кўра, Молдова пойтахти Кишинёв ва Украина пойтахти Киев ўртасидаги масофа 470 кмга яқинни ташкил қилади.

Top