Ўзбекистон | 16:28 / 14.01.2021
22084
3 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазирига биринчи ўринбосар тайинланди

Президентнинг 14 январдаги қарори билан, Давронжон Қобилжонович Одилов қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Вазирлик матбуот хизматининг тайинлов ҳақидаги хабарида вазир ўринбосарининг таржимаи ҳоли келтирилмаган.

Давронжон Одилов

Очиқ манбаларда Одиловнинг давлат идораларидаги фаолияти хусусида маълумот йўқ. Шуниси маълумки, у бунгача Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги «Gold Step Invest» МЧЖ директорининг қурилиш бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.

«Gold Step Invest» МЧЖ 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, интернетдаги маълумотларга кўра, тадбиркор Давронжон Одилов унинг асосчиларидан бири ҳисобланади.

Компания шу пайтгача Тошкент отчопари, Республика олимпия захиралари коллежи, «Humson Buloq» соғломлаштириш маркази, «Shedevr», «Новый век», «Мегаполис» тураржой мажмуалари, Бухоро шаҳридаги 300 ўринли перинатал марказ, Республика педиатрия маркази, «Arktika Bottlers» ва «Marvin Brands» заводлари, Тошкент шаҳрида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари учун уйлар ва Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги IT-мактабнинг қурилиши, қайта қурилишида иштирок этган.

Бундан ташқари, Сардобадаги тошқиндан сўнг, «Gold Step Invest»га Сирдарё вилоятидаги Дўстлик маҳалласида 37 та кўп қаватли уй қуриш топширилган. Одилов 2020 йил августда президент фармони билан «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил сентябридан буён қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Шерзод Ҳидоятов 14 январь куни уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири этиб тайинланди.

Қурилиш вазирлиги 2018 йил апрелида ташкил этилганди. Ўшанда вазирликка Олмазор тумани ҳокими бўлиб турган Абдуқаҳҳор Тўхтаев (2005–2011 йилларда Тошкент шаҳри ҳокими бўлган) янги раҳбар этиб тайинланганди. У 2019 йилнинг майида лавозимдан озод этилиб, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ҳокими лавозимига ўтказилди.

Маълумот учун, айни вақтда қурилиш вазирининг биринчи ўринбосаридан ташқари яна уч нафар ўринбосари бор: Козим Носирович Тўлаганов, Шуҳратхўжа Раҳматжонович Ҳошимов, Эркин Бўриевич Искандаров.

Мавзуга оид