18:32 / 15.01.2021
9049

Питер Хюистра «Пахтакор» бош мураббийига айланди

Нидерландиялик мутахассис «Пахтакор» бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Фото: FC Pakhtakor

«Шу кунгача жамоамизда ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келган нидерландиялик мутахассис Питер Хюистра энди «Пахтакор» бош мураббийига айланди. У Шота Арвеладзе билан мураббийлар штабида бирга фаолият юритиб келаётганди. Охирги йилларда шакллантирилган ҳужумкор, чиройли ва мухлисларга маъқул келадиган футбол фалсафасига асосланган ўйин услубини янада яхшилаб боришга уриниш шу тариқа давом эттирилади», - дейилади клуб хабарида.

Питер футболчилик фаолиятида Шотландиянинг машҳур клубларидан бири «Глазго Рейнжерс» шарафини беш мавсум ҳимоя қилиб, беш марта чемпионликка эришгани билан машҳур. Шунингдек, Питер «Гронинген», «Вендам», «Твенте», «Санфречче Хиросима», «Льерс» ва «Розендал» каби клубларда ўйнаган. Нидерландия, Шотландия, Япония ва Бельгия чемпионатларида жами 413 беллашувда 78 гол уришга эришган. Нидерландия миллий жамоаси таркибида 1988-91 йилларда 8 ўйинда майдонга тушган.

Хюистра мураббийлик ишини 2001 йил «Гронинген» ёшлар жамоасида бош мураббий сифатида бошлаган. 4 йиллик фаолиятидан сўнг «Витесс» ва «Аякс» клубларида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган. Кейин «Аякс» ёшлар жамоаси, «Гронинген», «Де Граафсхап» клубларида ва Индонезия миллий жамоасида бош мураббий сифатида фаолият олиб борди.

Эслатиб ўтамиз, Шота Арвеладзе декабрь ойи якунида уч йиллик фаолиятидан кейин «Пахтакор» билан хайрлашганини эълон қилганди.

Top