Жаҳон | 11:44 / 17.01.2021
17526
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Байденнинг инаугурацияси ва Трамп тарафдорлари намойишларига тайёрланмоқда

Сайланган президент Жо Байденнинг инаугурация маросими ўтказиладиган ҳафтадан олдинги дам олиш кунларида Америкадаги 50 штат ва Колумбия округи рўй бериши мумкин бўлган тартибсизликлар ва намойишларга тайёргарлик ҳолатида турибди.

Фото: Getty Images

6 январ куни бир неча киши ўлимига сабаб бўлган тартибсизликлар такрорланишининг олдини олиш учун мамлакатнинг барча ҳудудларидан Миллий гвардия жангчилари  Вашингтонга йўналтирилган. Ўшанда Дональд Трампнинг тарафдорлари бўлган бир неча юз киши Капитолийни қамал қилиб, ичкарига бостириб киришганди.

ФҚБ барча штатларнинг марказларида Трампнинг қуролланган тарафдорлари томонидан маршлар ўтказилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Музейлар ва тарихий обидалар жойлашган Вашингтон миллий хиёбони келувчилар учун ёпиб қўйилган. Кўчаларда тўсиқлар ўрнатилган.

«Мен қишлоқи йигитман»
Капитолий полицияси жума куни Виржиниядан бўлган йигитни қўлга олди, у ўз машинасида инаугурация маросимига иштирок этиш учун тайёрланган сохта пропуск билан Вашингтон марказига киришга уринганди. CNN телекомпанияси маълумотига кўра, унинг ёнидан 500дан ортиқ ўқ ва ўқланган тўппонча топилган.

Телеканал маълумотига кўра, полициячиларнинг сўровига жавобан у ўзида Glock русумли яримавтомат тўппонча борлигини тасдиқлаган. Якунда у ноқонуний қурол ва ўқ-дори сақлаш туфайли қўлга олинган.

У бамперига ўқотар қуролга оид бир неча наклейкалар ёпиштирилган пикапда ҳаракатланган. Улардан бирида шундай дейилади: «Агар улар сизнинг қуролингизни олиш учун келишса, аввалига ўз ўқларингизни беринг». Бу ҳақда суд ҳужжатларига асосланган ҳолда Reuters агентлиги ёзган.

Кейинроқ маълум бўлишича, уни қўйиб юборишган. Капитолий полицияси қўлга олинган шахсда нодавлат ташкилот томонидан берилган шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлганини маълум қилган.

У Washington Post мухбири билан суҳбатда хусусий қўриқлаш фирмасида ишлашини айтиб ўтган. «Мен Вашингтонда адашиб қолганимдан кейин назорат-ўтказиш пунктига келдим, чунки мен қишлоқдан чиққан йигитман. Мен уларга ўзимга берилган инаугурация маросими белгисини кўрсатдим», деган у.

Байденнинг жамоаси америкаликларни коронавирус пандемияси туфайли пойтахтга ошиқмасликка чақирган, маҳаллий амалдорлар эса инаугурация маросимини телевидение ёки интернет орқали кузатишни тасвия қилмоқда.

Якшанба куни кенг кўламли намойишлар ўтказилиши кутилмоқда - бу ҳақда Трампнинг тарафдорлари ва ультраўнгларнинг форумларида айтилган. Фаоллар одамларни кўчага намойиш ўтказиш учун чиқишга ва инаугурация куни Вашингтонда марш ўтказишга чақирмоқда.

Айримлар эса, аксинча, республикачиларнинг тарафдорларини кўчага чиқмасликка чақириб, акция ўтказиш ташаббуслари полициячиларнинг «қопқони» бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда.

Якунланган ҳафта давомида Трамп АҚШ тарихидаги илк икки марта импичментга учраган президент бўлганди. Сенат бу бўйича муҳокамани янги президент инаугурациясидан кейин ўтказади.

Штатлар қандай хавфсизлик чоралари кўришмоқда

Штатлар турлича эҳтиёткорлик чораларини кўришмоқда - ҳукумат органлари бинолари деразаларини фанерлар билан ёпишдан тортиб митингларни тақиқлашгача.

Мэриленд, Нью-Мексико ва Юта расмийлари акциялар арафасида фавқулодда ҳолат жорий этган.

Калифорния, Пенсильвания, Мичиган, Виржиния, Вашингтон, Висконсин ва бошқа штатлар Миллий гвардияни шай ҳолатга келтирган, Техасда эса маҳаллий Капитолий биноси вақтинчаликка ёпиб қўйилган.

Техас жамоат хавфсизлиги департаменти директорининг сўзларига кўра, экстремистлар «жиноят содир этиш» учун режалаштирилган намойишлар ўтказиши ҳақида маълумот келиб тушган.

Виржиния губернатори Ральф Нортам матбуот анжуманида шундай деди: «Агар бу ерга ёки Вашингтонга ёмон ният билан келаётган бўлсангиз, зудлик билан ортга қайтишингиз керак. Бу ерда сизни қучоқ очиб кутиб олишмайди. Агар бу ерга келиб нимадир ёмон иш қилмоқчи бўлсангиз, Виржиния барчасига тайёр туради».

Экспертлар сайловолди кампанияси давридаги қарама-қаршиликлар душманона руҳда кечган, натижалар ҳам баҳсли бўлган ҳудудларда зўравонлик ҳолатлари қайд этилиши эҳтимолини юқори баҳолашмоқда. Шу туфайли Мичиганда Капитолий биноси атрофини икки метрли тўсиқ билан ўраб олишган.

«Биз воқеалар ривожининг ҳар қандай йўналишига тайёрмиз, аммо умид қиламизки, Капитолий атрофида намойиш қилишни истаганлар тинчликни сақлашга риоя этишларига умид қиламиз», деган штат полицияси раҳбари Жо Гаспер. Унинг сўзларига кўра, феврал ойи ўрталарига қадар бинода кучайтирилган хавфсизлик чоралари амалда бўлади.

Мавзуга оид