Сўх тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Маъмуржон Ботиров Kun.uz мухбирига берган интервьюсида тумандаги ўзгаришлар, 2020 йил давомида эришилган ижобий натижалар ҳақида гапириб берди.
Ҳоким ўринбосарининг айтишича, ўтган йили қабул қилинган президент қарори тумандаги муаммоларга ечим топишда муҳим ўрин тутмоқда. Интервьюда Маъмуржон Ботиров томонидан билдирилган фикрлар қуйида келтирилади.
Сўх туманини комплекс ривожлантирилиш ишлари бошлаб юборилган
2020 йилнинг 8 август куни Ўзбекистон президентининг «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор асосида туманда шу пайтгача юзага келган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммолар ечими бўйича дастурлар ишлаб чиқилди.
Туман иқтисодиётининг ўсиш нуқтаси сифатида биринчи навбатда саноатни ривожлантириш режа қилинган. Бунда республиканинг бошқа ҳудудлари ҳамда қўшни давлатлардан олиб келинадиган маҳсулотларни ўзимиз ишлаб чиқарамиз.
Кейин қишлоқ хўжалиги соҳасида ўсиш нуқтасини белгилаб олдик. Туманда йўқ озиқ-овқат маҳсулотларини шу ҳудуднинг ўзида етиштириш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Шу билан бирга, қўшни ҳудудларда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариб экспорт қилиш йўналиши ҳам бор.
Туманимизнинг ўсиш-драйвер нуқтаси – туризм ҳисобланади.
Масалан, тиббиёт туризми. Сўх туманига туташ Қирғизистон Республикаси ҳудудларида тиббиёт маълум даражада ривожланмаган бўлса-да, уларнинг тиббий хизматларига эҳтиёжимиз катта.
2020 йилда Сўхда қандай ўзгаришлар юз берди?
2020 йил давомида туманда 7та замонавий клиникалар ишга тушди. Шу кунга қадар Сўх халқи чегара ошиб Фарғона, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт хизматлари, ускуна, воситаларидан фойдаланиб келарди.
Ўтган йилнинг ўзида 4та мактабгача таълим муассасасининг ишга туширилиши, 2та умумтаълим мактаби реконструкция қилиниши ва янги биноларнинг ишга туширилиши ижтимоий соҳадаги биринчи қадамлар бўляпти.
2021 йилда ҳам ҳудудимизда 3та замонавий боғчалар ташкил этиш йўли билан болалар қамровини янада оширишни режалаштирганмиз.
Бу кўрсаткич яқинда 27 фоизни ташкил этар эди. 2020 йил натижалари бўйича болаларнинг боғчаларга қамрови 50 фоиздан ошди ва 2021 йилда бу рақам 82 фоизга етказилиши кўзда тутилган.















