АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп лавозимидан кетишидан бир кун аввал, 2021 йил 19 январда Ўзбекистонга алоқадор бир ҳужжатга имзо чекди. Ижро учун шарт ҳисобланувчи президент ваколатлари доирасида қабул қилинган, ҳозирда архивга тушган, Трамп даври маълумотлари вебсаҳифасидаги фармон тўлиқ шаклда «Ўзбекистонда хизматни ўтаган фахрийларга васийлик қилиш тўғрисида» деб номланади.

Унда Д.Трамп Қўшма Штатларда бу масала бўйича шуғулланувчи, масъул ва алоҳида идоралар – Фахрийлар масалалари вазирлиги ва Мудофаа вазирлигига Ўзбекистоннинг Қарши-Хонобод аэродромида махсус ҳарбий хизматни ўтаган ўз аскарларини жанговар амалиётлар ўчоғида иштирок этиб қайтган уруш фахрийлари мақомига тенглаштириш АҚШ юридик ҳужжатлари ва қонунчилиги бўйича нақадар мувофиқ эканлигини кўриб чиқиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, унда буйруқ қабул қилинган кундан бошлаб 365 кун мобайнида АҚШ Мудофаа вазирлигига Америка Қуролли кучлари аъзолари жойлаштирилган Ўзбекистондаги база атроф-муҳити туфайли сафарбар этилганларнинг токсик таъсирланишларига доир масалалар бўйича синчковлик билан суриштирув ўтказиш, тадқиқот хулоса ва натижалари умумлаштирилган ҳисоботни эса Фахрийлар масалалари вазирлиги орқали президентга тақдим этиш топшириғи қўйилган.

Қарши-Хонобод ҳарбий базаси

Ўрганиш бўйича ҳисобот ўз ичига қуйидаги икки асосий жиҳатни қамраб олиши лозимлиги белгиланган:

1) 2001 йил 1 октябрдан то 2005 йилнинг 31 декабрига қадар бўлган даврда авиабазадаги шароитга батафсил баҳо бериш, шу жумладан, ушбу даврда ҳаво базасини ифлослантирган ҳар қандай токсик моддаларни аниқлаш, токсик моддаларнинг аниқ жойлари ва таъсир қилишнинг яқин, ўрта, узоқ муддатлари, токсик моддаларга дучор бўлган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ҳолатларини ўрганиш.

2) Зикр этилган даврда соғлиқ учун зарар асоратларини эпидемиологик нуқтаи назардан пухта ўрганиш, орттириш тахмин қилинувчи хасталиклар ташхисига айнан ҳарбий хизмат ва унинг муҳити сабаб бўлган ёхуд бўлмаганини илмий асосланган ҳолда аниқлаш мақсад қилиб кўрсатилган.