Ўзбекистон | 16:53 / 27.01.2021
18069
1 дақиқада ўқилади

«Орзу» дам олиш маскани 1 сўм қийматда сотувга қўйилди

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Кўксарой МФЙда жойлашган «Орзу» дам олиш маскани бино иншоотлари онлайн  аукционда сотувга қўйилган.

Фото: e-auksion.uz

Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси «Орзу» дам олиш масканини онлайн аукционга қўйди. Аукционда иштирок этиш учун аризалар жорий йилнинг 1 феврал санасигача қабул қилиниши белгиланган. 

Аукцион 3 феврал куни бинонинг бошланғич нархи 1 сўм қийматида нархларнинг ошиб бориши тартибида ўтказилиши кўзда тутилган.

Маълум қилинишича, иншоотни харид қилган мулкдорга харид қилинган кундан бошлаб 24 ой давомида 4 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 30 та янги иш ўринларини яратиш мажбурияти юклатилган. Иншоотнинг умумий майдони 4,5 гектарни ташкил қилади.

Бинони хусусийлаштириш учун хуқуқий асос сифатида президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги 4916-сонли қарори кўрсатилган.

Маълумот учун, олди-сотди аукционида ғолиб чиққан одам 10 кун муддатда белгиланган тўловни амалга ошириб шартнома расмийлаштирилмаса, автоматик тарзда ғолибдан кейинги иштирокчига тасдиқлаган нархи бўйича мазкур объект бўйича олди-сотди шартномасини тузиш таклифи берилади.

Мавзуга оид