Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов «Pegasus Airlines» авиакомпанияси раҳбарияти билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистонда хорижий авиакомпанияларга яратилган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, республикада хорижий авиакомпаниялар учун «Очиқ осмон режими» йўлга қўйилган маҳаллий аэропортлар, авиаёқилғи ва қўниш хизматлари (ground handling) нархлари арзонлаштирилгани, олиб келинган хорижий сайёҳлар учун компенсация (cash back) тизимининг йўлга қўйилганлиги айтиб ўтилди.
Олиб борилган музокаралар давомида турк авиакомпанияси томонидан янги тижорий таклиф ишлаб чиқилиши ҳамда Ўзбекистонга тақдим этилиши маълум қилинди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон делегацияси Истанбул шаҳридаги «Сабиҳа Гекчен» аэропорти бошқарув тизими ва логистикаси имкониятлари билан ҳам таништирилди.















