АПЛ. 21-тур

30 январь (шанба)

АРСЕНАЛ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: FutbolTV

Сульшер янги мураббий этиб тайинланганида, 13 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серияни амалга оширган ва фақат Лондонда «Арсенал» бу юришга чек қўйганди. Худди шундай ҳолат жорий мавсумда ҳам юз беришига яқин қолганди, аммо ўтган турда «Шеффилд» «Олд Траффорд»да ғалаба қозонди ва «Юнайтед»нинг 13 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига чек қўйилди. Аммо Артета шогирдлари яна бир серияни тўхтатишлари мумкин – роппа-роса бир йилдан бери «МЮ» сафарда мағлубият нималигини билмаяпти.

«Арсенал»нинг ҳам ўз муваффақиятли серияси бор, жамоа 7 ўйиндан бери АПЛда ютқазмаяпти. Тўғри, орада «Кристал Пэлас» билан нурсиз дуранг, кубок баҳсида «Саутҳэмптон»дан мағлубият умумий таассуротни бузиб турибди, аммо «Арсенал» сўнгги бир ойда анча ўзига келиб олганини бемалол пайқаш мумкин. Артетанинг истеъфоси ҳақидаги фикрлар чекинди, энди жамоа еврокубоклар, ҳатто ЕЧЛ ўринлари учун ҳам бемалол курашиши мумкин.

Таркибларга тўхталсак, мезбонларда Себальос, Тирни каби футболчилар жароҳатда, шунингдек, Обамеянгнинг майдонга тушиши сўроқ остида. Аммо Партининг майдон марказига қайтгани «Арсенал»нинг имкониятларини оширади, зеро биринчи даврадаги ўйинда айнан ушбу футболчи ҳал қилувчи вазифаларни бажарганди. «Юнайтед» таркибида барча футболчилар сафда, ҳатто кичик жароҳат туфайли ўтган ўйинларда қатнаша олмаган Байи ва Линделоф ҳам ўйинга тайёр. «Шеффилд» билан ўйинда баъзи ўйинчиларнинг ўта муваффақиятсиз ўйин кўрсатганини эътиборга олсак, Сульшер таркибда ва тактикада бир қатор ўзгаришлар қилиши ҳам табиий.

Хуллас, аслида шунча гап ортиқча, турнир жадвали, сўнгги пайтлардаги спорт формаси, таркибдан қатъи назар, ахир бу «Арсенал» ва «Юнайтед» – инглиз футболи классикаси, шундай эмасми? Табиийки, бизни курашларга бой, шиддатли учрашув кутиб тургани шубҳасиз. Яна бир қизиқ факт – Сульшер мураббий сифатида ҳали Артетани мағлубиятга учрата олгани йўқ. Икки ўйинда ҳам лондонликлар гол ўтказмасдан ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқишган. Яқинда норвегиялик мутахассис Клоппга қарши мана шундай нохуш анъанага чек қўйганини эътиборга олсак, балки Артета тўсиғи ҳам забт этилар?

 30 январь (шанба)

Бундеслига. 19-тур