Ўзбекистон | 07:13 / 30.01.2021
22118
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда сохта ўт ўчирувчилар аниқланди, улар ташкилотлардан пул талаб қилган

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида икки нафар шахс ўзини туман ФВБ ёнғин хавфсизлиги бўлими ходими деб таништириб, айрим корхоналар раҳбаридан пул талаб қилган. Бу ҳақда Kun.uz'га вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Бошқарма маълумотига кўра, икки нафар шахс тумандаги 9-умумтаълим мактабига бориб, қозонхонани текширган ва мактаб директоридан 200 минг сўм пул сўраган. Ўзини «пожарний»дан деб таништирган бу шахслар лейтенант ва сержант даражаларини англатувчи сохта пагон тақилган кийимда бўлган.

Пайариқ туман фавқулодда вазиятлар бўлими вакилининг маълум қилишича, тумандаги 8-мактаб директори ҳам бўлимга мурожаат қилиб, ташкилотига «МЧС» ходимлари келиб 300 минг сўм пул талаб қилганини айтган. Туман ФВБ ходимлари воқеа жойига борганида, сохта ўт ўчирувчилар кетиб қолган. Аммо орадан бир неча соат ўтиб, Тараққиёт маҳалласидаги 28-МТМ ҳудудида яна махсус формадаги шахслар кўриниш берган.

Улар ўзларини «Жасорат» ёнғинга қарши кураш жамияти назоратчиси деб таништирган. Бу шахслар тақдим этган гувоҳномада корхонадаги лавозими инспектор деб кўрсатилган.

Корхона раҳбарлари эса худди шу шахслар ўзларини ФВБ ёнғин хавфсизлиги бўлими вакиллари деб таништирганини маълум қилган. Бу шахслар ҳатто далолатнома тўлдирган. Ҳолат юзасидан туман ФВБ вакиллари томонидан тегишли ташкилотларга тақдим этиш учун керакли далиллар тўпланаётгани маълум қилинди.

Самарқанд вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъуллари кейинги вақтларда ўзини ФВБ ходими деб таништирган, ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг хонадонларига бориб «текшириш» ўтказаётган шахслар ҳақида маълумотлар келиб тушаётганини маълум қилди.

Мавзуга оид