2020 йилнинг декабрида Косон шаҳридаги Кўп тармоқли марказий поликлиника яқинидаги пиёдалар ўтиш йўлагида автоҳалокат юз берган. Натижада 60 ёшли Шерали Жумақулов воқеа жойида вафот этган.
Қашқадарё вилоят ИИБнинг маълум қилишича, «CAPTIVA» русумли, 70 027 КАА давлат рақамли автотранспорт воситаси Косон туман ҳокимлигига қарашли бўлган.
Косон туман ҳокимлиги 2021 йилнинг 1 февраль куни Captiva-2 хизмат машинасини trade-In тартибида харид қилиш учун 260 млн сўмлик шартнома имзолаган.
Бунинг учун туман ҳокими Асрол Бойқораевнинг шу йил 29 январдаги х-22/01-сонли қарори билан туман маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси ҳисобидан 262 млн сўм маблағ ажратилган.

Шунга мувофиқ, туман ҳокимлиги ва «AS-Кашкадарья Servis» ШК ўртасида trade-In дастури асосида «CAPTIVA-2» (2,4) С7 русумли автомашина учун 260 млн 456 минг сўмлик шартнома имзоланган.

Вилоят ИИБ хабарида дастлабки тергов ҳаракатлари давомида хизмат автомобили туман ҳокимининг биринчи ўринбосарига бириктирилган автомашина ҳайдовчиси Раҳим Жўраевга бошқариш учун тегишли ҳужжатлар асосида топширилгани ва ҳодиса куни айнан у автомашинани бошқаргани айтилади.
Аммо, марҳумнинг яқинлари Раҳим Жўраев ўша куни рулда бўлмагани, машинани туман ҳокимининг ўзи ёки унинг ўғли бошқарган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

















