Тошкентда яшайдиган польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска 1 февралда ўзининг твиттерида қолдирган хабарлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Унга кўра, журналистга аккредитация бериш масаласи 6 ойгача чўзилган, бу орада ўзини вазирлик ходими сифатида тутган Рустам исмли шахс Агнешкага тегажоғлик қилган.

Журналистнинг айтишича, «унинг аккредитация қилинган ОАВдан бошқа ОАВ учун ҳам ишлаши» аккредитация берилмаслигига сабаб бўлган.

Бундан ташқари, ўзини вазирлик ходими сифатида таништирган Рустам исмли шахс журналистга шилқимлик қилгани иддао қилинди.

«У рад жавобини олса-да, учрашув таклифи билан хабар ёзаверди. Бир неча кундан кейин мен ишдан бошқа ҳеч қандай алоқага қизиқмаслигимни айтдим. Унинг жавоби: «Нега? Йигитингиз борми?» Мен хушмуомала бўлишим керак эди, охир-оқибат мен аккредитация берилишини узоқ кутаётгандим», – деб ёзган Агнешка.

Польшалик журналистнинг сўзларига кўра, ўша Рустам салбий ахборот кўпайиб кетганини айтиб, журналистдан кўпроқ ижобий мақолалар тайёрлашни сўраган.

«Пандемия авжига чиққан пайт, коррупция бўйича низолар, Ўзбекистонда одамлар яшаш учун курашаётган пайт, минглаб одамлар Сардоба фожиасидан сўнг уй-жойларидан ажралган. Миллионлаб муаммолар орасида қандай қилиб ижобий мақола ёза олардим», – дея қўшимча қилган у.

Таъкидланишича, буларнинг барчаси унга аккредитация бермаслик билан тугади.

Твиттердаги чиқишидан сўнг, мустақил журналистни Ташқи ишлар вазирлигига суҳбатлашиб олиш учун таклиф этишган. 2 феврал куни Агнешка вазирликдаги суҳбат мароқли ўтгани, аккредитация масаласи ҳамон очиқ эканини билдирди.

«Рустамнинг хатти-ҳаракатлари бўйича текширув ўтказишнинг иложи йўқ эканлигини айтишди… Рустам кимлигини ҳеч ким билмайди», — деб ёзди халқаро журналист куннинг биринчи ярмида.

Журналистнинг ижтимоий тармоқдаги чиқишига Ўзбекистон Сенати раиси, жамоатчилик вакиллари муносабат билдирди. Масалан, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновда журналистнинг «шикояти жуда жиддий хавотир уйғотган». Алламжонов ва Агнешка 2 феврал куни Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан рўй берган вазиятни атрофлича муҳокама қилишган.