Ўзбекистон | 16:57 / 03.02.2021
8329
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда портловчи модда савдосида қўлга тушган шахс ИИБ ходимига 2 минг доллар пора бермоқчи бўлди

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида яшовчи шахс портловчи моддаларни сотаётганда ИИБ томонидан қўлга олинади. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганда у «ишни ёпиб юбориш учун» ИИБ ходимига 2 000 АҚШ долларини пора тариқасида таклиф этган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2 феврал куни Қўшработ тумани «Бойтуп» МФЙда яшовчи фуқаро А.Б. тезкор тадбирга жалб қилинган «Х» исмли шахсга 6 дона «НГМК САЯНИТ-П 36 мм» номли портловчи моддаларни 1 миллион сўмга сотаётган вақтида ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориш жараёнида, ушбу фуқаро унга нисбатан тўпланган ҳужжатларни ижобий ҳал қилиб бериб, жиноят иши қўзғатмаслик ҳамда уни жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига ИИБ ходимига 2 000 АҚШ долларини пора тариқасида таклиф қилган.

ИИБ ходими фуқарога бир неча маротаба пора бериш жиноят эканлигини тушунтиришига қарамай, А.Б. кейинроқ пулни олиб келишини айтган. ИИБ ходими эса ҳолат юзасидан бошқарма бошлиғининг номига билдирги билан мурожаат қилган.

Бугун, 3 феврал куни вилоят ИИБ ўз хавфсизлик бўлими ходимлари ва Қўшработ тумани прокуратураси томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро А.Б. ИИБ ходимининг хизмат хонасида унга 2 000 долларни берган вақтда ушланган. Қайд этилишича, ҳолат юзасидан А.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид