15:27 / 03.02.2021
8825

Халқаро молиявий ташкилотлар «Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўл лойиҳасини чуқур таҳлил қилишга чақирмоқда

Халқаро молия институтлари «Мозори Шариф-Кобул-Пешовар» темир йўл қурилиши лойиҳасини чуқур иқтисодий-илмий таҳлил қилиш кераклигини таъкидламоқда. Бу темир йўл йўналишининг аксарият қисми тоғли ҳудудлардан ўтганлиги билан изоҳланган.

Иллюстратив фото

Жорий йилнинг 2 феврал куни Тошкентда «Мозори Шариф-Кобул-Пешовар» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати.

Йиғилишда халқаро молия институтлари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, лойиҳанинг стратегик аҳамиятини таъкидлаб, уни амалга ошириш жараёнида ҳамкорликда иштирок этишга тайёр эканликларини билдиришган.

Шу билан бирга, лойиҳаолди ҳужжатларини юқори сифатли қилиб тайёрлашни таъминлаш ва пухта илмий-иқтисодий таҳлил ўтказиш зарурлиги қайд этилган. Бу темир йўл йўналишининг аксарият қисми тоғли ҳудудлардан ўтгани сабабли лойиҳа мураккаблиги билан изоҳланган.

Йиғилишда халқаро молиявий ташкилотлардан Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти Константин Лимитовский, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Алан Пиллоу, Ислом тараққиёт банки вице-президенти Мансур Мухтор, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук, Осиё тараққиёт банки департаменти Бош директори Евгений Жуков ва Европа инвестиция банки президентининг маслаҳатчиси Флавия Паланзалор иштирок этган.

Аввалроқ, Покистон бош вазири Имрон Хон Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Транс-афғон темир йўл қурилиши лойиҳасини тасдиқлагани, бу лойиҳага халқаро молия ташкилотларидан ташқи қарз сўрагани маълум қилинганди.

Покистон бош вазирининг савдо ва инвестиция масалалари бўйича маслаҳатчиси Раззоқ Довуднинг маълумотларига кўра, Имрон Хон 2020 йил 29 декабрда лойиҳани ишга тушириш мақсадида халқаро ташкилотлардан қарз сўраб, хат йўллаган.

Аввалроқ, Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов «Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўл лойиҳасини амалга ошириш ХХI асрда уч мамлакат учун «янги давр ва энг муҳим воқеа» бўлишини таъкидлаганди.

Top