Қайд этилишича, бош вазир Абдулла Арипов 3 февраль куни Улуғбек Мариповга Қирғизистон Республикаси бош вазири этиб тайинлангани муносабати билан табрик мактуби йўллади.

Аввалроқ, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Улуғбек Мариповни бош вазир этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолаганди. 41 ёшли Марипов бунгача турли лавозимларда, жумладан собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг ёрдамчиси сифатида фаолият юритган.

Жапаров, шунингдек, ҳукуматнинг аъзоларини тайинлаш ҳақидаги фармонни ҳам имзолаган.

Қирғизистон парламенти қарорига кўра, аввалги ҳукуматнинг деярли ярим аъзолари, жумладан бош вазир биринчи ўринбосари Артём Новиков, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев ўз лавозимларини сақлаб қолишган. Бир неча кун аввал қайта ташкил этилган мудофаа вазирлигига Таалайбек Омуралиев раҳбар этиб тайинланган.    

Қирғизистоннинг янги ҳукуматида вазирликлар ва бошқармалар сони аввалги ҳукуматга нисбатан деярли 2 марта қисқартирилган.