
Янги мажмуа Тошкент марказидаги хиёбон ўрнида қурилади: Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари оралиғида, Марказий универмаг (ЦУМ) қаршисидаги ҳудуд танланган.
«Истиқлол» комплекси қурилиши президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрда имзолаган, мамлакат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига доир қарорда кўзда тутилган.
Қарорда ёзилгандики, ёдгорлик композицияси «мустақиллигимизнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган» бўлади.
Пойтахт ҳокимлиги лойиҳа концепцияси бўйича танловни 3 февралда эълон қилди. Қатнашишни истаганлар 7 февралгача рўйхатдан ўтиши керак. Танлов 7 март куни якунланади.
Ғолиблар ҳукумат таркибида, ЎзФА Тарих институти директори Азамат Зиё раислигида ташкил этилган Республика ишчи комиссияси томонидан 10 мартгача аниқланади.
Уч нафар ғолибга мос равишда 300, 200 ва 100 млн сўм пул мукофотлари берилади.

Танлов шартларига кўра, таклифлар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
- мажмуанинг бош ғояси;
- мажмуанинг тузилмаси – бош режаси (майдондаги кўп йиллик манзарали дарахтларни сақлаб қолиш шарти билан);
- мажмуанинг асосий рамзи ва тимсоллари;
- мажмуада акс эттириладиган тарихий воқеликлар (ўзбек давлатчилигининг 3000 йиллик тарихи, сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий соҳалардаги ютуқларини инобатга олган ҳолда);
- тарихан мамлакатимиз ривожи ва мустаҳкамланишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшган буюк аждодларимиз, миллий қахрамонларимизни мажмуада тасвирлаб бериш;
- моддий маданият дурдоналари, буюк давлат ва ҳарбий арбоблар, атоқли аёллар, илм-фан ва маданият арбоблари, миллий озодлик кураши етакчилари ҳамда оламшумул тарихий воқеаларни акс эттириш;















