Андижон шаҳридаги Digital City технопаркида ўтказилган матбуот анжуманида Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов соҳадаги коррупция ва фирибгарлик ҳолатлари ҳақида маълумот берди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Бердиқуловга кўра, соҳадаги коррупция ва фирибгарлик ҳолатларининг аксарият қисми собиқ ходимлар томонидан содир этилмоқда. Охирги 3 йил давомида вилоятда кадастр соҳасига алоқадор 8 та коррупция ва фирибгарлик ҳолатлари аниқланиб, интизомий чоралар қўлланилган.

«Коррупция ҳолатларининг 70 фоиздан кўпроғи собиқ кадастр ходимлари томонидан содир этилган. Масалан, жорий йилнинг 5 январ куни собиқ ходимимиз 5 минг доллар билан қўлга тушган. Унинг ҳужжатларини кўтарсак, 2020 йил 25 июнда Меҳнат кодексининг 100-моддаси билан ишдан бўшатилган экан», – деди бошқарма бошлиғи.

Унинг айтишича, фуқароларнинг ер олиш тартиби ва кадастр ҳужжатларини қай тартибда расмийлаштиришни яхши билмаслиги соҳада товламачилик ҳолатларининг сақланиб қолаётганига сабаб бўлмоқда.

Маълум қилинишича, ўтказилган назорат тадбирлари давомида қонун бузилишига йўл қўйган 14 нафар ходимга нисбатан интизомий чоралар қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилган.

Аввалроқ, «Кадастр ишларини бажариш соҳасида давлат органлари функциясини хусусий секторга ўтказиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди.