«Қарши-Хонобод аэродроми атрофида тарқалаётган хабарлар Ўзбекистон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати томонидан кузатиб борилмоқда. Хонобод аҳоли пункти – ҳарбий қисмнинг ёнида жойлашган маҳалла. Аҳолиси соппа-соғ, бу ерда яшовчилар орасидан тиббий кўрикдан ўтиб муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар, авиация билим юртига ўқишга кирганлар ҳам бор. Номзод соғлом бўлсагина учувчи бўла олади. Унинг юрак уриши, қон босими белгиланган меъёрларга мос келиши керак.
Америка Қўшма Штатларининг контингенти у ерда беш йилдан ортиқ турмаган. Бизникилар у ерда 15-20 йилдан бери хизмат қилмоқда, ҳатто бутун умри давомида ишлаётганлар бор. Майли, офицерлар ҳар беш йилда ротация бўлишар, лекин чилангарлар, қоровуллар, техниклар айнан ўша ерда 30 йилдан бери хизмат қилишмоқда. Уларда АҚШ ҳарбийларида кузатилаётган ҳолатлар кузатилмаяпти. Журналист ва блогерлар бориб қизиқиб кўрадиган бўлишса, у ерда хизмат қилаётганлар соғ-саломат юрганини кўришади.

Ҳарбий аэродромда хизмат қилаётган учувчилар нафақат мавсумий, балки ҳар бир парвоздан олдин тиббий кўрикдан ўтади. Ҳозирги пайтда Хонобод аэродроми тўлиқ ишламоқда, у ердан самолёт ва вертолётлар учмоқда. Учувчиларнинг саломатлигида озгина ўзгариш бўлса ҳам парвозга рухсат берилмайди.
Масаланинг иккинчи томони бор. Биз олий ҳукумат даражасида, Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик каналлари орқали АҚШ билан ҳамкорлик алоқаларига путур етмайдиган шаклда ёндашган ҳолда Хонобод аэродроми атрофидаги гап-сўзларга муносабат билдирамиз. Чунки бизда туризм ривожланиши режалаштирилмоқда, Ўзбекистонга дунё аҳлининг эътибори тушяпти. Биз бирор давлат Ўзбекистонга қарши иш қиляпти деб айтмоқчи эмасмиз. Лекин бу мутахассис бўлмаган одамларнинг фикри экани яққол кўриниб турибди», дея Баҳром Зулфиқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Тошкент тиббиёт академияси қошидаги Ҳарбий тиббиёт факультети кафедра мудири, тиббий хизмат полковниги Носир Фозиловнинг қўшимча қилишича, Хонобод аэродроми яқинидаги аҳоли пунктида яшаётган фуқаролар ҳам тиббий кўрикдан ўтказилган, натижалар улар соғлом эканини кўрсатган.

«Хонобод аэродромида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ҳар йили тиббий кўрикдан ўтказилади. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида тарқалган саволларга жавоб топиш мақсадида ўша ердаги аҳоли пунктида яшаётган фуқароларни ҳам тиббий кўрикдан ўтказдик. Тиббий кўрик натижаларига кўра уларнинг ҳаммаси соғлом бўлиб чиқди.










