Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига давлат бюджетидан трансфертлар ажратиш 2019 йилдан бошланди. Бунгача ташкилот ўз харажатларини қоплаб келган ва давлатдан трансферт, субсидия ёки датация каби ёрдамлар олинмаган. 2020 йил ҳолатига жамғармага 9,1 триллион сўм трансферт ажратилди. Хўш, узоқ йиллар ўз харажатларини қоплаб келган ташкилотга нега энди давлатдан маблағ ажратилмоқда? Аввалги ҳолат қандай эди ва ҳозир қай тарзда ишланмоқда?
2019 йил 1 январгача жамғарма 4 та йирик солиқ манбаига эга бўлган
Пенсия жамғармасининг даромад ва харажатларни прогнозлаштириш бўлим бошлиғи Аброр Холматовнинг Kun.uz’га билдиришича, 2019 йил 1 январга қадар жамғарма 4 та йирик солиқ манбаига эга бўлган.
Биринчи навбатда – ягона ижтимоий тўлов. У бугун ҳам бор, лекин ижтимоий солиқ деб номланади. 2018 йилда ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз, микрофирма фермер хўжаликлари учун 15 фоиз қилиб белгиланган.
Иккинчидан, фуқаролар иш ҳақидан ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бўлган. Бу ҳам тўғридан тўғри жамғарма маблағлари даромадлари ҳисобига шаклланган.
Учинчидан, корхона ва ташкилотлар томонидан бюджетдан ташқари жамғармалар айланмасидан тўланадиган мажбурий ажратма бўлган. Умумий корхона ажратмаси 3,2 фоиз бўлиб, Пенсия жамғармасига 1,6 фоизи ажратилган.
Тўртинчидан, 2019 йил 1 октябрга қадар жамғарма ягона солиқ тўлови мавжуд бўлган. Унинг миқдори 5 фоиз қилиб белгиланган. Корхоналар айланмасидан 5 фоиз жамғармага тўлаб берилган.
Жамғарма даромадлари қисқариш сабаблари ҳақида
2018 йил 29 июнда президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан Пенсия жамғармаси даромад манбалари қисқартирилди.
Қарорга асосан, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўловни 25 фоиз миқдорида, бошқа юридик шахслар учун ушбу тўлов ставкасини 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтириш















