Тошкентда икки йўналишда метробуслар ҳаракати йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда
Тошкент шаҳрининг транспорт хизматлари сифатини ошириш ва узоқ муддатли стратегик ривожлантириш мақсадида алоҳида бўлакларда ҳаракатланувчи тезюрар автобус хизматини ташкил этиш бўйича тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳбоз Ғофуров маълум қилди.
Мазкур BRT (Bus Rapid Transit) метробуслар темир йўл линиясисиз махсус йўналиш бўйлаб ҳаракатланади. Ҳозирда хорижий консультантлар томонидан 2та йўналишда (Чилонзор буюм бозори - Чорсу савдо маркази, ТТЗ - Чорсу) метробус хизматини ташкил этиш таклиф этилмоқда.
«Биринчи босқичда Чилонзор буюм бозори – Чорсу Савдо маркази йўналиши пилот лойиҳаси сифатида йўлга қўйилади. ТТЗ – Чорсу йўналиши эса бу лойиҳанинг иккинчи босқичи бўлиб, биринчи йўналиш натижаларига қараб ишга туширилади. Абу Сахий ва Чорсу бозорларини боғлайдиган йўналиш узунлиги 17,7 км бўлиб, бир кунда ўртача 42 минг йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилган», дейди Шаҳбоз Ғофуров.
Мазкур лойиҳа «Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2020-2030 йилларда ривожлантириш бош режаси» концепцияси лойиҳаси юзасидан ишлаб чиқилиб, амалга ошириш учун таклиф этилмоқда. Лойиҳага кўра мазкур йўналишда 26та автобус оралиқ бекатлари бўлиб, автобусларнинг ўртача тасарруф (эксплутацион) тезлиги 25,5 км/с.га тенг бўлади. Йўналишдаги автобуслар сони 23тани (шундан 17таси 17 метрлик ва 5таси 24 метрлик автобуслар харид қилиш режалаштирилган), йўналишнинг ўртача вақти 42,4 дақиқани, оралиқ интервал ўртача 5 дақиқани ташкил этади.
Ҳозирда мазкур қарор лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиш жараёни олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад йўналишдаги тезюрар автобусларнинг ҳаракатланиш тезлигини 25 фоизга ошириш, светофорлар фазаларини ўзгартириш орқали транспорт воситаларининг тўхтаб туриш вақтини 48 фоизга камайтиришдан иборат. Шунда жамоат транспортида энг узоқ магистрал йўналиш бўйича ҳаракатланиш вақти ўртача 45 фоизга камаяди. Бу тизим яратилиши орқали аҳолининг бир манзилдан иккинчи манзилга автомобилдан кўра жамоат транспортида тезроқ етиб бориши таъминланади. Ушбу лойиҳа 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар амалга оширилиши режалаштирилган.
Мавзуга оид
16:14 / 14.12.2024
Тошкент автобусларида нақд шаклда тўлов қабул қилиш тўхтатилади
17:00 / 07.12.2024
Тошкент шаҳри автобусларида нақд пул ўрнига қандай тўлов қилиш мумкинлиги тушунтирилди
12:29 / 30.11.2024
Жамоат транспортига ажратилган йўлакдан ҳаракатланиш қоидаларини бузганлар учун жарима жорий қилинмоқда
13:24 / 28.11.2024