Пенсия жамғармаси бошқарма бошлиғи Зайниддин Аралов бола парваришлаш нафақасини олиш тартиби ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқаролари, республикада доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар нафақалар ва моддий ёрдам тайинлашни сўраб, ариза билан яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинларига мурожаат қилишлари мумкин.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш учун фуқаро ҳеч қандай маълумот йиғиши шарт эмас. Фақатгина ариза билан ўзи ва оила аъзоларининг паспорт нусхалари (никоҳ ва туғилганлик тўғрисида гувоҳномалар) тақдим этилади.

Фуқаро аризани маҳалла фуқаролар йиғинига беради. Маҳалла фуқаролар йиғинлари аризаларни ойнинг 15-санасигача қабул қилиб 18-санасигача Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этади. Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари қабул қилинган аризаларни ойнинг 25-санасигача «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритади.

Ҳозирда тизим 9 та вазирлик ва идораларнинг электрон базасига уланган. Айни пайтда улардан 20 турдаги маълумотлар олинмоқда. Дастурга фуқаронинг паспорт серияси ва шахсий идентификация рақамлари киритилади ва унга тегишли барча маълумотлар автоматик равишда чиқади.

Аризани қаноатлантириш ёки рад этишда Пенсия жамғармаси ёки маҳалла фуқаролар йиғинлари умуман иштирок этмайди.

Жорий йилнинг январ ойида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали республиканинг барча ҳудудларида 3 турдаги (бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақалар ва кам таъминланган оилаларига моддий ёрдам) нафақалар инсон омилисиз тўлиқ тайинлаб келинмоқда», деган жамғарма вакили.

Шунингдек, Зайниддин Аралов ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилиш ҳолатлари тўғрисида ҳам маълумот берган.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 7-бандига мувофиқ, юқоридаги нафақалар ва моддий ёрдам оиланинг жами даромади белгиланадиган даврда киши бошига тўғри келадиган даромади меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан (1 февралдан бошлаб бу 393,8 минг сўм) ортиқ бўлса, агар оила аъзолари номида биттадан ортиқ кўчмас мулк, яъни ўзи яшаб турган уйидан бошқа яна кўчмас мулки мавжуд бўлса, ишлаб чиқарилганига 10 йил тўлмаган автомашинаси мавжуд бўлса, иккита ва ундан ортиқ автомашинаси мавжуд бўлса, ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилади.