Мониторинг ташрифида тергов ҳибсхонасидаги маҳбусларнинг яшаш тарзи, овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам олиш шароитлари ва санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳолати ўрганилди. Бу ҳақда мониторингда қатнашган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Дастлаб, кузатувчилар муассасада маҳбусларнинг оила аъзолари билан қисқа ва узоқ муддатли учрашув, телефон сўзлашув учун мўлжалланган хоналарни кўздан кечирди.

Шунингдек, маҳбусларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам масаласи юзасидан ҳибсхонанинг ички тиббий бўлинмаси шифокори дори-дармон, ускуналардан камчилик ва муаммолар йўқлигини, қониқарли даражада шароитлар борлигини айтди.

Лекин, шифокорнинг айтишича, ҳибсхонада кадрлар масаласида муаммо бор.

«Белгиланган 47 штат ўриндан 5 та шифокор вакант ўрнимиз мавжуд. Ойлик маошимиз паст бўлгани сабабли, шифокорлар бу муассасада ишлашдан бош тортишмоқда», – дейди бўлинма шифокори.

У ўтган йили ҳибсхонада сақланаётган ва коронавирусга чалинган маҳбусларни 1-тергов ҳибсхонаси шифокорлари даволаган бўлса-да, уларга устама пуллари берилмаганини маълум қилди.

Тергов ҳаракатларини ўтказиш ва адвокат билан мулоқот қилиш учун мўлжалланган хоналарни кўздан кечириш жараёнида, бу тоифадаги хоналар видеокузатув воситалари билан жиҳозлангани ва адвокатлар исталган вақтда адвокатлик сўровномаси билан тергов жараёнларида тасвирга олинган видеоматериалларни талаб қилиб олиши мумкинлиги айтилди.

Бу ерда эркак ва аёллар алоҳида 4 кишилик хоналарда сақланади ва улар бир кунда бир маҳал сайр учун ҳовлига олиб чиқиб турилади.