11:23 / 25.02.2021
3634

Ўзбекистон ва Миср ўртасида фармацевтика соҳасида йирик инвестиция лойиҳаси имзоланди

Мисрнинг Solyphar компанияси Тошкент вилоятида 120 турдаги дори маҳсулотларини ишлаб чиқувчи завод қуради. Лойиҳани амалга ошириш учун 20 миллион доллар инвестиция киритилиши кўзда тутилган.

23 феврал куни Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида Мисрнинг Solyphar компанияси билан «Таблеткалар, қаттиқ желатинли капсулалар ва дозаланган кукунлар шаклидаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» бўйича уч томонлама битим имзоланди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар беришича, мазкур қўшма лойиҳа Миср Араб Республикаси президенти Абдул-Фаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил 4-5 сентябр кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар доирасида амалга оширилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев Тошкент вилоятида барпо этилиши кўзда тутилган корхона қиймати 20 миллион долларни ташкил этишини айтиб ўтган.

«Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 500 миллион дона таблетка, 200 миллион дона капсула ва 10 миллион дона сашени ташкил этади. Жами, 120дан ортиқ дори турлари ишлаб чиқарилади. Янги корхона зарур ишлаб чиқариш амалиёти - GMP талабларига жавоб беради», дейди у.

Шунингдек, корхона ишга туширилиши муносабати билан 200дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Янги ва илғор технологияларни жорий этиш орқали маҳаллий мутахассисларни юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга тайёрлашни ташкил этиш режалаштирилган.

Аввалроқ, Тошкент вилояти Зангиота туманининг 50 гектар майдонида фармацевтика кластери яратилиши маълум қилинганди.

Top