Жамият | 14:33 / 26.02.2021
37153
2 дақиқада ўқилади

«75 км йўл босиб, дарс бергани бораман» — ишга ҳар куни поездда қатновчи наманганлик муаллим

Поплик Муниса Мелибоева ҳар куни 75 км йўл босиб, ишга боради. У 2017 йилдан бери Попдан Наманган шаҳридаги мактабга қатнаб дарс беряпти. Эрта тонг 7:15 да поездда йўлга чиқади. У поезддан тушганидан кейин ҳам мактабгача яна 9 км масофа бор.

Қаҳрамонимиз ўқишни битириб, диплом олгач, Попдан иш тополмаган. Шундан сўнг бир таниши тавсияси билан, Наманган шаҳридаги 65-мактабда фаолият бошлаган.

Ҳозирда бу мактабда яна бир неча поплик ўқитувчилар дарс беради.

Муниса Мелибоева келган йилиёқ унга 1-синфни ишониб топширишган. Институтни энди тамомлаб келган ўқитувчига 1-синф ўқувчилари билан ишлашда мактабдаги устозлар кўмаклашган. Тиришқоқлиги ва ўз устида ишлаши сабаб бугун ота-оналар унга раҳмат айтади.

Ҳозирда Попдан Наманган шаҳрига бориб ишловчилар 400 дан зиёд. Шаҳарда кадр етишмаслиги сабабли устозларнинг кўпи туманлардан келиб ишлайди.

Қаҳрамонимизнинг айтишича, илк кунлари қатнашга қийналган ва шаҳарда квартира ижарага олиб ишлашига ҳам тўғри келган. Ҳозирда ҳам қиш кунлари келиб-кетишда муаммоларга дуч келишади. У бир неча бор поездга кеч қолган.

Ҳозирда ёш ўқитувчининг дарс юкламаси – ҳафтасига 16 соат. Маоши эса 1 млн 900 минг сўм атрофида.

Муниса дарсдан уйига қайтишда поезддан тушиб, яна бир бекат машинада йўл юради. Шундай бўлса-да, йўл қийинчиликлари билинмаслиги, ўқувчилари ва жамоаси билан ишлаш унга куч бағишлашини айтади.

Биз ёш муаллиманинг фаолиятига муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси –
Боймирза Xалилов.

Мавзуга оид