Президент Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан селектор ўтказди.
Расмий релизга кўра, бугунги кунда 1 400 га яқин аёл республика ва вилоятлар, 43 мингдан зиёди туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишламоқда.
Талабаларнинг 48 фоизи – хотин-қизлар. Ўтган йили йўлга қўйилган тизимга мувофиқ, 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз ОТМга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.
Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида «аёллар дафтари» жорий этилди. Бу дафтарга 9 та мезон асосида 433 минг нафар хотин-қиз киритилиб, электрон база шакллантирилди. Бугунги кунгача уларнинг 80 мингининг муаммолари ҳал этилган, дейилади хабарда.
Йиғилишда аёлларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди.
«Энг оғир, мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича. Халқимизнинг талаби ўсиб боряпти. Биз шу талабларга муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Буни чуқур ҳис қилмаган одам раҳбар бўлиб ишлолмайди», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Олий Мажлисга мурожаатида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини тузишни таклиф қилганди.
Шу кунларда Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигида шу кенгаш тузилди. Кенгаш хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, билим ва касбий кўникмалар эгаллаб, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, саломатлигини сақлаш, уй-жой масалаларини ҳал этиш борасида тизимли иш олиб бориши зарур.
Ҳокимлар ва сектор раҳбарларига «аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, тикувчилик, ҳунармандчилик, касаначилик, паррандачилик ва экин майдонларидан ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатасига тадбиркор бўлиш истагини билдирган «аёллар дафтари»даги 70 мингга яқин хотин-қизларни бизнес ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш вазифаси топширилди.





















