3 март куни президент раислигида уй-жой қурилиши ва ипотека бозори масаласида селектор бўлиб ўтди. Мажлисдан сўнг молия вазири Темур Ишметов берилган топшириқлар юзасидан журналистларга интервью берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум бўлишича, уй-жой қурилишида бозор тамойилларига асосланган жорий тизимга айрим ўзгартишлар киритилади. Бунда аҳоли ва қурилиш соҳасидаги тадбиркорларга қатор имтиёзлар кўзда тутилмоқда.
«Бу йил уй-жой қурилиши учун бюджетдан 11 триллион сўм маблағ ажратилади. Мазкур маблағларнинг асосий қисми тижорат банкларига ипотека кредитлари беришлари учун 20 йилга ресурс сифатида жойлаштирилади.
Бунда асосий ўзгариш – бозор тамойилларига ўтиш. Уй-жой қурилишини хоҳлаган хусусий тадбиркор амалга оширади. Аввалги йилларда фақатгина давлат ва 1-2 та ташкилотлар томонидан ташкиллаштирилган бўлса, энди хусусий пудратчилар қурилишни бемалол амалга оширса бўлади. Улар учун давлат томонидан кафолат бериляптики, ҳар битта қуриб бераётган уйи харидорни қизиқтира олса, уй сотиб олувчи фуқарога 20 йил ипотека таъминланади. Албатта, бу қурувчилар учун жудаям қулай шароит.
Иккинчидан, қурувчилар 12-18 ойда уйини қуриб битириши мумкин, лекин айланма маблағларига тижорат банкларидан бозор шартларида кредит олиши керак. Қурилган уйнинг сотувчисига ресурс тайин бўлганидан кейин, албатта, кредит олиш осонроқ бўлади. Банк ҳам бемалол кредит беради», – деди вазир.
Ишметовга кўра, 2020 йилда пандемия туфайли қурилиш ташкилотларига берилган қатор имтиёзлар 2021 йил охиригача узайтирилмоқда.
Вазир қанчалик арзон қилинмасин, уйнинг биринчи бадалини ҳам тўлашга қийналадиган аҳоли қатлами ҳақида гапирди. Улар бозор ставкаларидаги фоизни тўлашга ҳам қийналишлари мумкин. Тимур Ишметовнинг айтишича, шуни инобатга олиб давлат томонидан икки йўналишда ижтимоий ёрдам белгиланмоқда.
«Биринчиси, айнан даромади пастроқ ва уй-жойини янгилашга ёки янги олишга муҳтож аҳоли қатламларига ипотека олишда дастлабки бадалнинг бир қисмини (10 фоизгача бўлган миқдорда) компенсация қилиш.
Иккинчиси, кредитнинг фоизини компенсация қилиш. Тошкент шаҳрида кредит ставкасининг 12 фоиздан юқори қисмини давлат компенсация қилади. Бошқа ҳудудларда 10 фоиздан тепаси компенсация қилинади. Яъни фуқаро банкдан кредитни неча фоиз ставкада олишидан қатъи назар, Тошкент шаҳрида 12 фоиз ставка тўлайди. Қолганини давлат тўлаб боради. Бошқа ҳудудларда эса 10 фоиз.










