Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев Москвада Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати («Роспотребнадзор») раҳбари Анна Поповага «Меҳр-саховат» кўкрак нишонини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Пандемия пайтида бир гуруҳ россиялик етакчи мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасбларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистонга юборилган эди. «Роспотребнадзор», шунингдек, Ўзбекистонга 140 минг дона тест тўпламларини юборди. Бу ўз вақтида коронавирус инфекциясини аниқлаш ва тарқалишининг олдини олишга имкон берди.
Бундан ташқари, ушбу ташкилот «СПИД инфосвязь» ташкилоти ва UNAIDS билан ҳамкорликда мамлакатга бирламчи тиббий-профилактика, акушерлик, гинекологик, кардиологик ва урологик ёрдам кўрсатишга мўлжалланган кўчма диагностика мажмуаси ҳамда хавфли инфекцияларни (ОИТС, коронавирус ва бошқалар) текшириш ва аниқлаш бўйича хизматларни тақдим этди.
Ўзбекистон президентининг 2020 йил 26 майдаги фармонига мувофиқ, коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар туфайли мавжуд хавф-хатарларга қарши курашишда, улар оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшган, жамиятда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашда фаол иштирок этишда ўрнак бўлаётган юртдошлар ва хориж фуқароларини тақдирлаш мақсадида «Меҳр-саховат» кўкрак нишони таъсис этилган.















