Узоқ йиллардан буён Шаржа шаҳрида яшаб келаётган Насиба Исҳоқий БААга келиши, дастлабки фаолияти туризм билан боғлиқ бўлгани, оиласи ва бошқа мавзуларда сўз юритди.

— Мен Тошкент шаҳрида туғилганман. Болалигим ва ёшлигим Тошкентда ўтган. Зиёлилар оиласиданман. Оиламнинг ҳамма аъзолари – илм-фан, маданият, санъат билан алоқадор инсонлар. Шунинг учун оиламиз аъзолари илмни, санъатни қадрлашади.

Отам Абдураҳмон Эшонхўжаев – техника фанлари доктори, профессор; 25 йилдан ортиқ Тошкент автомобил йўллари институтида кафедра мудири сифатида фаолият юритган. Бир неча мукофотлар, шу жумладан Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби. Онам ҳозирда нафақахўр, бошланғич синфларга 30 йилдан ортиқ дарс берганлар.

Мактабни тугатгач, ҳамма ака-опаларим сингари мен ҳам олий таълим даргоҳига ўқишга топширганман. Мутахассислигим бўйича инженер-иқтисодчиман. Оилада кенжа фарзандман, эркатой. Тўрт фарзандмиз, икки акам ва бир опам бор, – дея ҳикоя қилади у.

«Меҳнат фаолиятимни БААда бошлаганман»

— Институтни битириб турмушга чиқдим. Турмуш қуришимиз анъанавий тарзда, одатдагидек бўлган, совчи қўйиб уйланганлар. Бошланғич курсда унаштирилганмиз ва ўқишни тугатгунимча кутдилар. У киши Тожикистондан. Қариндошмиз.

Диплом олганимдан бир ҳафта ўтиб, тўйимиз бўлган. Ўша пайтда бўлажак турмуш ўртоғим шу ерда ишларди ва табиийки, мен ҳам БААга келдим. Карьерамни шу ерда бошладим.

БААга келишимдан аввал турмуш ўртоғим 2 йил бу ерда яшаган бўлганлар, шунинг учун рўзғорда қандайдир жудаям катта қийинчиликларни ўтказмаганман. Албатта, ҳаммамизда қийинчиликлар бўлади, менда ҳаммаси яхши дейдиган биронта одамни билмайман; шунчаки қийинчиликлар кимдадир кўпроқ, кимдадир камроқ. Лекин вақт ўтгани сари биз олға ҳаракатланиш учун нимадандир воз кечишимиз кераклигини тушуниб етамиз. Ҳатто ўзимиз ёқтирган нарсани қўйиб юбориш кераклигини хам.

Мен учун энг қийинчилик туғдирган нарсалар бу яқинларимга, она юртимга нисбатан соғинч туйғуси эди. Лекин эртами-кечми буларни бошдан кечиришимиз керак эди, чунки ҳар бир киши ўз йўлини босиб ўтиб, ўз тажрибасига эга бўлиши керак.

«БАА иқтисодиёти гуллай бошлаган пайтларда туризм соҳасида иш бошлагандим»