Вазирлар Маҳкамасининг “Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги иштирокида “Ўзбекистонда шаффоф ва кенг бозор иқтисодиётига ўтишни ривожлантириш сиёсатини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа доирасида Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан ажратиладиган қарз маблағлари Ўзбекистон республика бюджети харажатларини молиялаштириш учун йўналтирилиши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида ўтказилган қарз музокаралари бўйича эришилган натижалар қуйидагича:

  • музокаралар давомида JICA қарз маблағлари иккита траншда ажратилишини маълум қилган;
  • коронавирус пандемияси салбий таъсирига қарши курашиш учун тезкор ёрдам сифатида 15,0 миллиард япон иенаси миқдоридаги маблағни 15 йил муддатга 4 йиллик имтиёзли давр билан ажратиш учун Жаҳон банки ва JICA томонидан ислоҳотлар матрицаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистонда амалга оширилади;
  • ривожлантириш сиёсатини қўллаб-қувватлаш учун 195,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни 25 йил муддатга 7 йиллик имтиёзли давр билан ажратиш мақсадида JICA томонидан энергетика соҳасида ислоҳотлар матрицаси ишлаб чиқилган бўлиб, Энергетика вазирлиги ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан бажарилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, ўтказилган музокаралар давомида JICA томонидан лойиҳа доирасида пул ўтказмалари жараёнларини оптималлаштириш мақсадида Ўзбекистоннинг молиявий агенти сифатида Марказий банк белгиланган.

Қарз маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида қарор лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

Ўзбекистон Молия вазирлиги лойиҳа амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, JICA томонидан ажратиладиган қарздан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан масъул ижро этувчи орган сифатида ҳисобланади;

JICA томонидан ажратиладиган қарзни сўндириш, шунингдек қарз бўйича фоизлар, комиссиялар ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланади;

Ўзбекистонда шаффоф ва кенг бозор иқтисодиётига ўтишни ривожлантириш сиёсатини қўллаб-қувватлаш мақсадида ислоҳотлар матрицаси, шунингдек JICA қарз маблағларини сўндириш ҳамда у бўйича фоизлар ва комиссияларни тўлаш прогноз жадвали иловаларга мувофиқ тасдиқланади;