15:45 / 10.03.2021
4017

Юнусободда аҳолидан ундирилган 288 млн сўмни ўзлаштирган ширкат раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди 

Юнусобод туманида аҳолидан коммунал тўловлар учун ундирилган маблағларни ўзлаштирган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Қайд этилишича, департаментнинг Тошкент шаҳар Юнусобод туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. 

Текширув давомида “Б.Қ.” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, 2020 йил ва жорий йилнинг феврал ойига қадар уй-жой мулкдорларидан бадал тўлови, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси таъминоти ҳамда автотураргоҳ учун ундирилган 288,3 млн сўмни банк муассасасига топширмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 2020 йилда уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан 7,4 млрд сўм мақсадсиз сарфланганини маълум қилганди.

Top