Президентнинг “Халқаро тажриба ва стандартлар асосида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Саноат ва савдо, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ҳамда бошқа барча иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат гигиенаси тартиб-таомилларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида, фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари деб қуйидагилар белгиланади:

а) анъанавий усуллар билан бир қаторда меҳнат қонунчилиги бузилишига олиб келувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва олдини олишга қаратилган огоҳлантирувчи, манзилли ҳамда ностандарт ёндашувга асосланган иш берувчиларга консултатив ва методологик кўмаклашишга қаратилган самарали механизмларни жорий этиш. Бунда:

фуқаролар, иш берувчилар ва жамоатчилик билан очиқ мулоқот ҳамда ўзаро ҳамкорликни тартибга солиш воситаларини такомиллаштириш;

хавфни таҳлил этиш тизими орқали аниқланган хавфи юқори бўлган корхоналарда манзилли дастур асосида, бошқа корхоналарда эса иш берувчилар ташаббуси билан уларга меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат гигиенаси масалалари бўйича талабларни бажаришга кўмаклашиш;

ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш орқали қонунбузилишлар аниқланганда, бунга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан янгича услублар жорий этиш;

иш берувчиларга ўзлари меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида фаолият олиб бораётганини, фуқароларга унинг меҳнат ҳуқуқлари бузилганини мустақил аниқлаш имконини берувчи, “хавфни таҳлил этиш” тизимини аниқлашда ижобий таъсир этувчи ва текширишлар ўтказмаслик учун асос ҳисобланувчи, қонунбузилишларни бартараф этишда кўмаклашувчи “Мустақил онлайн текшириш” порталини яратиш;

б) меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат гигиенаси соҳасидаги қонун талаблари бузилишига олиб келувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Давлат меҳнат инспекцияси билан ҳамкорлик қилувчи ва жамоатчилик асосида кўмаклашувчи “Меҳнат агентлари” институтини жорий этиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб бериш;

в) Халқаро ижтимоий таъминот ассоциациясининг (ISSA) “Ноль жароҳатланиш” (Vision zero) Концепцияси дастурини ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳар қандай жароҳатланиш ва касб касалликлари олдини олиш борасида профилактика маданиятини шакллантиришда янгича ёндашувини кенг тарғиб қилиш;