16 март куни АОКАда халқ таълими тизимида малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Kun.uz мухбири тадбир спикерларидан бири, Ўзбекистондаги мактаблар учун янги авлод ўқитувчилари ва бошқарув кадрларни тайёрлашга ихтисослашган Тошкент халқаро университети ректори Улуғбек Қосимхўжаев билан интервью уюштирди.
Собиқ «умидчи» интервью давомида халқ таълими тизими, унга керакли кадрлар тайёрлаш масалалари ҳамда «умидчилар» фаолияти ҳақида гапирди.
— Ўзбек жамиятида таълим тизимида қилинган хатолар, таълим беришдаги паст сифат ва билимсиз кадрлар ҳақида кўп гапирилади. Сиз замонавий кадрлар тайёрлайдиган янги университет ректори, бу борада хориж тажрибасини кўрган киши сифатида ўша хатоликларни нимада кўрасиз?
— Сўраётганингиз биргина бўғинда қилинган хатолар эмас, бу тизимли муаммолар. Халқ таълими тизимидаги муаммолар натижасида жамиятда йиллар давомида ўқитувчининг ҳурмати тушиб борди. Энди бунга элтган сабаблар ҳам бор.
Биласиз, кадр қаерда ишлаш қулай бўлса, шу ерга интилади. У ишлаш учун ноқулай, бюрократия ривожланган, текшир-текширлар авжида, ободонлаштириш ишларига тинимсиз жалб этиладиган иш жойидан, албатта, қочади.
Ўқитувчи аввало, тарбияловчи. Лекин тарбияловчининг ўзига шароит яратилмас экан, яхши кадрлар у ерга бормайди. Ишлар охир-оқибатда шу даражага бориб етдики, одамлар фарзандининг ўқиши, билим олишига эътиборсиз қарай бошлади.
Ривожланган давлатларда ҳам болани тарбия қилиш, билимли кадр сифатида етиштиришда ота-онанинг ўрни катта. Ишни ҳеч қачон мактабнинг ўзи ва ўқитувчига ташлаб қўйиш керак эмас. Узлуксиз таълим шу – уйда ҳам давом этиши керак.
Ҳозир Ўзбекистонда катта лавозимларда ишлайдиган инсонларни олинг, Шерзод Шерматов, Руслан Давлетов, Сардор Умурзоқов... ҳаммаси оддий оиладан чиққан. Буларни жипслаштирувчи битта омил бор. Улар ўзлари илмга, билимга интилган. Илм топиш учун танловлар, «Умид» каби жамғармалар орқали чет элда ўқиб келган.
Қиш кунларидан бирида Поп туманидан ўтаётгандим. Тоғ йўли. Ҳамма жой қор. Шу ҳавода бўйи 1 метрли ёш болалар елкасига катта сумка ортволиб, тахминан 4-5 км масофадаги мактабга пиёда кетяпти. Яъни бу болалардаги билимга иштиёқ. Уларда ҳаракат бор. Лекин биз бу иштиёқ сўниб қолмаслиги учун уларга шароит яратиб беришимиз керак.
Биз таълим жараёнида боланинг иштиёқини унга имконият яратиш орқали ривожлантиришимиз керак.















