16:18 / 19.03.2021
4840

Товар ва молия бозоридаги монополияларнинг қарийб 87 фоизида давлат иштироки мавжудлиги маълум қилинди

4 миллион аҳолига нисбатан истеъмолчилик ҳуқуқларига зид ҳаракатлар аниқланган. Шунингдек, айрим турдаги монопол товарлар нархлари камайтирилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоевнинг таъкидлашича, бугунги кунда товар ва молия бозоридаги монополияларнинг қарийб 87 фоизида давлат иштироки мавжуд. Бу ҳақда у АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

«Қўмита томонидан 753 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ўрганилди. Улардан 37 фоизида рақобатга зид нормалар аниқланди. Шунингдек, Давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан қабул қилинган 334 та қарорда рақобатга зид нормалар мавжуд бўлган», деди Фаррух Қорабоев.

Мутахассиснинг маълум қилишича айрим турдаги монопол товарлар нархлари камайтирилган. Хусусан, формалин нархи 20 фоиз, полиэтилен 40 фоиз, полипропилен нархи эса 15 фоизга пасайтирилган.

Савдолар ва давлат харидлари жараёнида рақобатни таъминлаш мақсадида 4 200 та тендер ва давлат харидлари жараёнлари ўрганилиб, шундан 50 фоиздан ортиғида рақобатни чекловчи омилларнинг олди олинган.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида суюлтирилган газ савдоларида 432 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолати кузатилган.

Бундан ташқари, 4 млн аҳолига нисбатан истеъмолчилик ҳуқуқларига зид ҳаракатлар содир этилган.

«Агар бозорда 5 тадан ортиқ хусусий корхона мавжуд бўлса, давлат иштирокида корхоналарни таъсис этиш тақиқланади», дея таъкидлади Фаррух Қорабоев.

Аввалроқ, 2021 йилнинг 15 июнидан бошлаб монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган айрим турдаги товарлар фақат биржа савдолари орқали сотилиши маълум қилинганди.

Top