16 март куни Kun.uz «Сардоба фожиаси келтирган талафот – балиқчилар кўрган зарар қачон қоплаб берилади?» номли танқидий мақола эълон қилинди. Мақолада Сардоба сув омборининг бузилиб кетиши оқибатида Сирдарёдаги ўнлаб балиқ хўжаликлари сунъий кўллари ва ундаги балиқлар нобуд бўлгани, бунинг учун давлат тарафидан ваъда қилинган зарар қопланмаётгани маълум қилинган.
Шунингдек, мақолада балиқ хўжалиги раҳбарларидан бири «Ўзагросуғурта» ва «Капитал суғурта» каби компаниялар ҳам суғурта ҳодисаси бўйича пул тўлаб бермаётганини даъво қилган.
Суғурта компаниялари балиқ хўжалиги раҳбарларининг мурожаати юзасидан ўрганиш ўтказиб, ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
«Ўзагросуғурта» АЖ матбуот котиби Шуҳрат Қобилов:
— Мақолада «Азиз Шохруз Файз» БФХ томонидан тилга олинган важлар ўрганилди. Унга кўра, «Ўзагросуғурта» АЖ Сирдарё вилояти филиали Гулистон шаҳар бўлинмаси ҳамда «Азиз Шохруз Файз» БФХ ўртасида 2017 йил 24 январда мол-мулкни суғурталаш шартномаси имзоланган. Шартномага асосан, «чойхона биноси» гаровга қўйилган ва банкдан балиқчилик хўжалигини ривожлантириш мақсадида кредит олинган. Амалда Гулистон шаҳар 3-мавзе «Обод юрт» маҳалласи Ибн-Сино кўчасида жойлашган ушбу мол-мулкка Сардоба сув тошқинидан ҳеч қандай зарар етмаган.
Лавҳада намойиш этилган «Амур-Фиш» масъулияти чекланган жамияти ва «Ўзагросуғурта» АЖ ўртасида «Гаровга қўйилаётган автотранспорт воситаларини суғурталаш» шартномаси имзоланган. Суғурта бўйича 2 (икки) дона автотранспорт воситасига ҳеч қандай шикаст ёки зарар етмаган. Тузилган суғурта шартномаси фақат гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан олиб борилишини назарда тутади. Бинобарин, «Амур Фиш» МЧЖ томонидан балиқчилик ҳавзасининг сув тошқинидан кўрилган зарарини қоплаш тўғрисида «Ўзагросуғурта» АЖ Сирдарё вилояти филиали Гулистон шаҳар бўлинмасига оғзаки ёки ёзма равишда мурожаат келиб тушмаган.
Шунингдек, «Ўзагросуғурта» АЖ лавҳада намойиш этилган яна бир мурожаатчи Шойимқул Очиловнинг яқинлари билан шартнома имзолаган. Ушбу фуқарога шартномада кўрсатилган муддат якунланганда, яъни 2022 йил октябрь ойида белгиланган суғурта пуллари тўлаб берилади. Бу борада Шойимқул Очилов билан ҳам мулоқот қилиниб, вазият тўлиқ тушунтирилди, ҳозирда у киши бизнинг фирма фаолиятидан эътирози йўқлигини маълум қилган.















