Ўзбекистон | 11:59 / 25.03.2021
2991
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 65 ёшли ҳайдовчи вафот этди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Оқибатда бир нафар одам вафот этган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

20 март куни Оқдарё туманида яшовчи ҳайдовчи ўзининг «Жигули» автомашинасида М37 Самарқанд—Ашхобод халқаро автомобиль йўлининг Иштихон тумани Сафохўжа маҳалласидан ўтувчи 54-километрида йўлнинг қарама-қарши томонида ҳаракатланиб, ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган 55 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги «Ласетти» автомашинаси билан тўқнашган.

Оқибатда аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва «Жигули» автомашинасининг 65 ёшли ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, у шифохонада вафот этган.

Хабарда маълум қилинишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Иштихон туманида тарғибот ишлари олиб борилган ва аҳолига йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тушунтирилган.

Мавзуга оид