Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
9,2 млрд сўмлик қалбаки дориларни қадоқлаб сотишга уринган шахслар божхоначилар томонидан қўлга олинди
Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ҳамда “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда мўмай даромад кетидан қувиб инсонлар соғлигига зиён етказиши мумкин бўлган шахсларнинг қинғир қилмишларига чек қўйди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида сифати кафолатланмаган, шунингдек, қалбакилаштирилган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларнинг ноқонуний реализацияси билан шуғулланиб келаётган уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди. Жумладан, мазкур тумандаги хонадонлардан бири белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ер хонадон эмас, аксинча ўзига хос яширин савдо плафтормаси эканлиги маълум бўлди.
Бу ерда тезкор алоқа линияси – “Сall Centre” ташкил қилинган бўлиб, 150 нафарга яқин алоқа операторлари сифати кафолатланмаган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни мижозларга ўтказиш билан шуғулланиб келгани аниқланди. Тезкор тадбир давомида хонадонда яъни дорихонадан ташқари ҳудудда келгусида сотиш учун мўлжаллаб қўйилган 96 622 дона дори воситалари ва тиббий буюмлар, 72 902 қути биологик фаол қўшимчалар қонунга хилоф равишда сақланаётганлиги аниқланди.

Мазкур дори ва қўшимчалар жинсий қувватни оширувчи, оздирувчи, семиртирувчи, гижжаларга қарши, юрак фаолиятини яхшиловчи ва бошқа мақсадлар учун кўзланган. Аянчлиси шундаки, хонадондаги қадоқловчи ускуналар, ярим тайёр маҳсулотлар ва бўш қутиларни кўриб хулоса қилса бўладики, мазкур дори ва биологик фаол қўшимчалар шу ернинг ўзида бўш қутиларга қадоқланган, қутилар учун ёрлиқлар, қўллаш учун йўриқномалар ҳам шу ердаги рангли принтерда чоп қилинган.
Бундан ташқари келиб чиқиши номаълум бўлган, таблетка, кукун ва бошқа турли шакллардаги моддалардан қўлбола усулда қадоқланган дори ва биологик фаол қўшимчаларнинг ноқонуний реализациясида фаол иштирок этган шахслар ҳам турли даражада рағбатлантириб келинган. Шу мақсадда хонадонда совға учун мўлжалланган – 5521 дона товарлар – парфюмерия воситалари, ошхона анжомлари, телефон аксессуарлари ва бошқалар сақланаётганлиги аниқланди.

Бундан ташқари “Сall Centre” фаолиятида фойдаланиб келинган 202 та монитор, 196 та процессор, 10 та ноутбук, 1 дона рангли принтер, товарларга тегишли юк хатлари, ноқонуний савдо қайд қилиб борилган ҳисоб дафтарлари ҳам ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбир натижасида дастлабки қиймати 9 млрд 179 млн сўмлик дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва бошқа товар-моддий бойликлар вақтинча сақловга олинди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
21:26 / 05.05.2026
Давлат чегарасидаги ноқонуний туннел учун жиноий жавобгарлик жорий этилади
09:15 / 30.04.2026
Бухоро ва Сурхондарёда Афғонистондан контрабанда қилинган опийнинг катта партияси аниқланди
18:54 / 06.04.2026
Чегарадан кўп миқдордаги гиёҳванд моддалар олиб кирилишига чек қўйилди
14:48 / 30.03.2026