Жамият | 16:05 / 27.03.2021
24949
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда яна тез ёрдам шифокорига оғир тан жароҳати етказилди

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида яшовчи шахс чақириқ бўйича етиб келган тез ёрдам шифокорига ҳужум қилиб, унга оғир тан жароҳати етказди. 

«Шу йилнинг 26 март куни соат 23:43да пойтахтимиздаги «103» диспетчерлик хизматига Миробод туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро А.дан чақириқ келиб тушади. 

Кўрсатилган манзилга тез тиббий ёрдам бригадаси (шифокор – 1995 йилда туғилган Баҳромжон Ҳазратов) 7 дақиқа ичида зудлик билан етиб боради. Бемор кўрикдан ўтказилаётган вақтда тўсатдан шифокор Б.Ҳазратовга сабабсиз ташланиб, унинг бошига қаттиқ жисм билан уриб, оғир тан жароҳати етказади», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Шифокорнинг олган жароҳатидан кучли қон кетаётгани сабабли воқеа жойидан тез тиббий ёрдам автомашинасида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасига олиб борилган. Кейинчалик эса беморнинг аҳволи яхши эмаслиги ва жароҳати ўта оғирлиги инобатга олиниб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилган.

«26 ёшли тез тиббий ёрдам шифокори Б.Ҳазратов айни пайтда марказимизнинг нейрореанимация бўлимида оғир аҳволда интенсив даво муолажаларини олмоқда. У ҳозир оғир аҳволда, беморга бош мия ёпиқ жароҳати, бош миянинг ўрта даражадаги лат ейиши, бош тепа ва энса соҳаларидаги йиртилган жароҳат ташхиси қўйилган», дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов. 

Даставвал, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасига олиб борилган Б.Ҳазратовнинг бошидан кучли қон кетаётгани сабабли қон тўхтатиш учун бошнинг тепа ва энса соҳаларидаги жароҳатга 4та чок қўйилган.

«Кейинги пайтларда шифокорларга нисбатан аҳоли вакилларининг тез-тез қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳатто, жиддий тан жароҳати етказиш даражасидаги ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни амалга ошираётгани бор гап. Бу, албатта, барчамизни бирдек ранжитади.

Айниқса, ярим тун бўлишига қарамасдан ўз хизмат вазифасини сидқидилдан, фидойиллик билан бажараётган тез тиббий ёрдам шифокорларига нисбатан бундай муносабат кўрсатилишининг кўпаяётгани киши кўнглини хира қилади.

Маълумот учун, Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам бригадалари томонидан шу йилнинг январ ойида 82 минг 462та, февраль ойида 80 минг 290та ва 1 мартдан то 27 мартгача 80 минг 531та чақириқларга ўз вақтида зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган. Ўтган йил ушбу тизимга мамлакатимиз бўйича 11 ярим миллиондан ошиқ мурожаатлар келиб тушган. 

Шунча чақириққа ўз вақтида жавоб берилиб, тиббий хизмат кўрсатилган. Бу билан шифокорларимиз миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга сабабчи бўлишди. Ана шу рақамлар ҳам аҳоли саломатлиги учун тиббиёт ходимларининг хизмати нақадар машаққатли ва бебаҳо эканидан далолат беради.

Албатта, айбдорлар қонун доирасида ўз қилмишига яраша жавобгарликка тортилади. Вазирлик бу учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан айбдорларга нисбатан тегишли жазо чораларини қўллашни талаб этиб, уни назорат қилади.  

Аммо оқ халат соҳиблари билан бундай ҳолатлар бот-бот такрорланаётгани уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини яхшилаш, аҳоли орасидаги мавқейини ошириш ишларини янада кучайтириш кераклигидан қайта–қайта дарак бермоқда», дейилган ССВ хабарида.

Мавзуга оид