Ўзбекистон | 12:50 / 31.03.2021
7705
2 дақиқада ўқилади

Аҳоли талабини қондириш учун кейинги 25 йил давомида йилига 145 мингта уй қуриш керак – Молия вазирлиги  

Сўнгги 3–4 йилда Ўзбекистонда йилига 30-35 мингта кўп қаватли турар жойлар хонадонлари қурилди, аммо аҳоли талабини қондириш учун ҳар йили 145 мингта хонадон қуриш зарур, дея маълум қилди Молия вазирлиги департамент директори Фарруҳ Ботиров.

Молия вазирлиги департамент директори Фарруҳ Ботиров 30 март куни ўтказилган Сенат қўмитаси йиғилишида аҳоли эҳтиёжи учун зарур уйлар миқдори ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири 

«2017 йилдан бери ташқи халқаро молия институтлари экспертлари билан амалга оширилган ўрганишлар натижасида аниқланишича, аҳолининг уйга бўлган талабини қондириш учун кейинги 25 йил давомида ҳар йили 145 мингта уй қуришимиз керак. Бу талабни билдиради.

Биз эса охирги 3-4 йилда фақат 30-35 мингта уй қурганмиз. 145 мингта билан 35 мингта орасида қанча таъминланмаган талаб ётибди.

Ҳозирда қурувчилар уй-жой қуриш учун фуқарони олдиндан бириктириб бериш масаласини қўймоқда. Табиий танлаш, бозор бу. Қуролмадими, у ёғига бошқа қурувчи қуради ёки банкдан кредит олиши мумкин бўлади.

Энди қурувчилар ҳам бозорга мослашиши керак. Фуқаролар учун 145 мингта уй қуриш даражасига чиқиш учун ҳаммага тенг имконият яратилмоқда», – деди вазирлик расмийси.

Молия вазирлиги департамент директори Фарруҳ Ботиров

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш зарурлигини айтганди. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта ёки ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп уй-жойлар қурилиши билдирилган.

Шунингдек, молия вазири Тимур Ишметов аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини уй-жой билан таъминлашга доир янги чоралар ҳақида маълумот берган.

Мавзуга оид